Жаҳон | 11:00 / 26.10.2024
372
2 дақиқада ўқилади

БМТ халқаро ҳамжамиятни Ливанда ўт очишни тўхтатишга фаолроқ интилишга чақирди

Ливан гуманитар инқироз ёқасида, дейди БМТнинг Ливан бўйича махсус координатори ўринбосари.

Ливан гуманитар инқироз ёқасида. Бу ҳақда БМТнинг Ливан бўйича махсус координатори ўринбосари маълум қилди ва халқаро ҳамжамиятни Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатишга фаолроқ интилишга чақирди.

Ташкилот матбуот хизмати хабарига кўра, Парижда Ливан аҳолиси ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш халқаро конференциясида сўзга чиққан Имрон Ризо мамлакатдаги тинч аҳолининг аҳволидан жиддий хавотир билдирган. «Уруш давом этар экан, инсонпарварлик эҳтиёжлари ортиб, азоб-уқубатлар кучаяди», деди у.

Ливан бўйича махсус координатор Жанине Ҳеннис-Плассхарт конференцияда аллақачон фалокатли вазиятда жангларни тўхтатиш учун аниқ ҳаракатлар зарурлигини айтди.

Унинг эслатишича, БМТ 2023 йилда Ливандаги вазият бўйича 2,72 миллиард долларлик жавоб режасини ишга туширган ва шу ойда халқаро ҳамжамиятга мамлакатга ёрдам бериш учун 426 миллион доллар сўраб шошилинч мурожаат қилган.

Бироқ, сулҳ бўлмаса, деб таъкидлади Хеннис-Плассхарт, Ливандаги эҳтиёжлар фақат ўсиб боради.

Мавзуга оид