Жаҳон | 14:06 / 26.10.2024
1790
2 дақиқада ўқилади

Porsche қимматбаҳо қаҳва машинаси ва қаҳва майдалагични тақдим этди

Улар машҳур италян фирмаси билан ҳамкорликда яратилган, дизайнида эса Porsche 911 автомобилидан илҳомланилган.

Фото: AP

Италиянинг La Marzocco фирмаси Porsche бренди билан ҳамкорликда кам сонли ва жуда қиммат қаҳва машиналари ҳамда қаҳва майдалагичларини тақдим этди. Уларнинг дизайни Porsche 911 GT3 Touring автомобилидан илҳомланиб яратилган.

Биринчи янгилик — ҳароратни профессионал даражада барқарор сақловчи Porsche x La Marzocco Linea Micra икки бойлерли қаҳва машинаси. У сут кўпиртириш мосламаси билан жиҳозланган “шохли” модел ҳисобланади.

Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, қаҳва машинасидаги айланма тутқичлар сўнгги Porsche автомобилларининг асбоблар панелидан илҳомланган. Барометр 911 моделидаги тезлик ўлчагич дизайнини эслатади, таглик эса GT3 Touring автомобилининг олд буфер панжараси ташқи кўринишини акс эттирган.

Иккинчи янгилик — Porsche х Pico Espresso Grinder қаҳва майдалагичи. У шовқинсиз двигател, муайян миқдорни танлаш имкониятини берадиган, магнитли вилка-порталфилтр билан бошқариладиган ва 300 грамм қаҳва донасини сиғдира оладиган автоматик ёпилувчи бункер билан жиҳозланган. Қаҳва майдалагич 18 грамм оғирликдаги порцияни 10 сониядан кам вақт ичида майдалаб беради.

Porsche дизайнидаги қаҳва машинаси ва қаҳва майдалагич қанча туради?

Porsche x La Marzocco Linea Micra қаҳва машинаси икки хил рангда сотилади: Slate Grey (кулранг) ва Martini Racing Edition (қизил-ҳаворанг элементлари бор кумуш). Биринчиси 6555 долларга, иккинчиси 6949 долларга баҳоланган. Ушбу моделнинг Porsche брендисиз оддий версияси 3900 доллар туради.

Porsche x Pi Espresso Grinder қаҳва майдалагичининг нархи 1840 долларни ташкил этади. Иккала қурилманинг чекланган сони 911 дона. Сотувлар 23 октябрда бошланган бўлса-да, қаҳва машиналарининг барчаси бир кундан ҳам камроқ вақт ичида сотилиб кетди.

Мавзуга оид