Спорт | 12:52 / 27.10.2024
37046
19 дақиқада ўқилади

«Барса» «Реал»ни яксон этди, Ҳоландни тўхтатиб бўлмаяпти. Кун ўйинлари

Шанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Reuters

Испания: Мбаппе офсайд қопқонида, Фликнинг режаси идеал даражада иш берди

«Реал» – «Барселона» 0:4
Голлар:
0:1 – 54 Левандовски, 0:2 – 56 Левандовски, 0:3 – 77 Ямал, 0:4 – 84 Рафиня.
«Реал» – Лунин, Менди, Рюдигер, Милитао, Васкес, Камавинга (Браим Диас, 77), Тчуамени (Модрич, 63), Валверде, Беллингҳем, Винисиус Жуниор, Мбаппе.
«Барселона» – Пеня, Балде, Мартинес, Кубарси, Кунде, Педри, Касадо (Олмо, 65), Лопес (де Йонг, 46), Рафиня, Ямал, Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Касадо (44), Кунде (69), Мартинес (75), Винисиус Жуниор (80), Пеня (82).

Ҳафта ўртасида «Реал» ва «Барса» Чемпионлар лигасида ёрқин ўйинлар ўтказганди. Жамоалар том маънода «класико» арафасида бир-бирини қўрқитиб қўйишга ҳаракат қилганди. Мадриддаги ўйинда каталонияликлар «Бавария»га қарши ўйиндаги таркибда тушиб келишди. «Реал» футболчилари эса бир кун кўпроқ дам олганидан ташқари, майдон марказида Камавинга ва Тчуамени қайтиши мумкин эди.

Меҳмонларда мудофаа чизиғи юқори жойлаштирилиши – ўйин қандай кечишини белгилаб берди. «Реал» мунтазам равишда «Барса» ҳимоячилари ортида очилишга ҳаракат қилди. Тезкор Мбаппе мунтазам равишда узатмалар билан таъминланди. Француз ҳужумчиси тезкор гол уришига бир бахя қолди, кейин Белингҳемга ассист муаллифи бўлиши мумкин эди, кейин Винисиус билан шундай вазият юзага келди. Лекин у ҳар сафар офсайдда бўлди.

22-дақиқада Винисиус офсайд тузоғидан қочиб қолди ва у гол уриши лозим эди, аммо унинг яқин бурчакка зарбаси ўхшамади. Лекин тўп дарвоза тўрига борганида ҳам гол ҳисобланмаслиги мумкин эди. Ҳужум Тчуамени Педрига қўполлик қилиши орқали бошланганди. Бундай эпизод карточкага тортарди (сариқ ёки қизил), аммо арбитр бу вазиятни ўтказиб юборди, VAR ҳакамлари ҳам буни қизил эмас деб топишди ва унга ишора беришмади.

30-дақиқада «Барселона» ҳимоячилари олдинга чиқиб кетганида гол ўтказиб юборди. Мбаппе буни ҳиссиётга берилиб нишонлади. Кейин эса у яна офсайдда қолгани маълум бўлди.

«Реал» футболчилари биринчи бўлим давомида саккиз марта (олти марта Мбаппе) офсайдга тушишди (бутун ўйин давомида 12 марта). Ҳолбуки, олдинги 10 турда жами офсайд ҳолатлари сони – атиги 12 та бўлганди. Шу билан бирга, бу рақамлар мезбонлар фаолроқ ҳаракатланганини кўрсатади. Биринчи бўлимда Кубарси «Барселона»нинг энг заиф нуқтаси эди. 17 ёшли марказий ҳимоячи ҳаяжонланаётгани яққол кўриниб турарди, шу туфайли бўлим давомида бир неча хатога йўл қўйди. «Барселона»да ҳам вазиятлар бўлди. Ямал амалда дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди, аммо Лунинни доғда қолдира олмади, қолаверса, бу вазиятда Менди унинг яхши зарба беришига халақит қилди.

Иккинчи бўлим меҳмонлар Фирмин Лопес ўрнига де Йонг  туширилиши билан бошланди. «Барса»дан майдон марказида назорат ва ақлли юришлар талаб этилаётганди. Режа кундек равшан эди, аммо бу дарҳол эффект беришини Флик ҳам кутмаганди. «Реал»нинг тажрибали ҳимоячилари жуда бўш ўйин кўрсатишди ва Левандовски икки дақиқа ичида дублга эришди. Барчаси Мбаппе тўпни Касадога олдиришидан бошланди, ёш яримҳимоячи дарҳол тўпни марказдан Робертнинг йўлига ташлаб берди. Поляк ҳужумчиси яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва яқинлашмасдан, бурчакни аниқ нишонга олди. Бу вазиятда Менди офсайд чизиғини ушлашда хатога йўл қўйган ва ортда қолиб кетганди.

«Барса»нинг иккинчи голи чиройли кўриниш олди. Балде чап қанотдан тўпни идеал ошириб берди, Рюдигер ва Милитао жарима майдони марказида ёлғиз қолдирган Левандовски бурчакка аниқ зарба йўллади – 2:0. Ҳафта ўртасида мадридликлар бундай ҳисобни йирик ғалабага айлантирганди, аммо «Боруссия» бош мураббийи Нури Шаҳиндан фарқли ўлароқ, Флик хато алмаштиришлар қилмади. Бир неча ҳафталик танаффусдан кейин қайтган Олмо майдонга чиқиши билан «Барселона» ўйинни янада яхшироқ назорат қила бошлади. Бир неча бор рақиб футболчилари, хусусан Мбаппе билан яккама-якка вазиятда қолган Пеня ҳам муҳим сейвларни амалга оширди.

Левандовски эса майдонни ҳет-трик ва ҳатто покер билан тарк этиш имкониятига ҳам эга эди, аммо ўта қулай позицияларда туриб хато зарба берди.

Ўйин янада очилди ва «Барселона» яна рақибни қарши ҳужумда жазолади. Рафиня ўнг қанотдан жарима майдонига кириб келган Ямални пас билан таъминлади, 17 ёшли футболчи ўткир бурчакдан туриб яқин тўққизликни аниқ нишонга олди ва «Реал» мухлисларига футболкасидаги ўз фамилиясини намойиш этди. У бу сафар ҳам рекорд қайд этди — 17 ёшу 105 кунлигида класикода гол урган энг ёш футболчи сифатида. Олдинги рекордчи Фати эса бу воқеага захира ўриндиғида ўтириб гувоҳ бўлди.

Якуний штрих – Рафинянинг масхараловчи голи бўлди. Бу мавсумда жамоа етакчиси ва сардорига айланган бразилиялик ҳужумчи ҳафта ўртасида Нойерга учта гол урганди, энди эса тўпни Луниннинг устидан ошириб, дарвоза тўрига ташлади.

Каталониялик мухлислар Йохан Кройф давридаги натижани кута бошлашди. У «Барса» футболчиси сифатида 1974 йилда Мадриддаги ўйинда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Тўрт гол фарқи билан олдинда бораётганида ҳам «Барселона» футболчилари олдинга ташланишда давом этди ва қарши ҳужумлардан бирида мезбонларнинг тўрт вакили рақибнинг 7 футболчиси қаршисида қолиб кетишди. Аммо ҳисоб бу қадар шармандали кўриниш олмади. Шунда ҳам Флик ўзининг илк класикосида 40 йилдан буён, Терри Венейблс давридан буён кузатилмаган натижага эришди. «Реал» бу оғриқли мағлубиятдан кейин каталонияликлардан олти очкога ортда қолмоқда.

Англия: Эмерида йўқотиш

«Манчестер Сити» – «Саутҳемптон» 1:0
Гол:
1:0 – 5 Ҳоланд.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Рубен Диаш, Аканжи, Люис, Ковачич, Матеуш Нунеш (Гундўған, 86), Бернарду Силва, Фоден, Савио, Ҳоланд.
«Саутҳемптон» – Рэмсдейл, Мэннинг (Бри, 77), Уокер-Питерс, Стивенс, Беднарек, Ҳарвуд-Беллис, Фернандеш, Лаллана (Арибо, 60), Даунс (Сулемана, 87), Диблинг (Армстронг, 46), Арчер (Онуачу, 87).
Огоҳлантиришлар: Даунс (42), Мартин (43), Армстронг (48), Лаллана (56), Ковачич (88).

«Манчестер Сити» камида «Арсенал» ва «Ливерпул» ўртасида якшанба куни ўтказиладиган ўйин якунига қадар биринчи ўринга кўтарилди. Фаворитлар мавсум бошидан буён ғалаба қозона олмаган ва турнир жадвалининг охирги ўрнида жойлашган аутсайдерга қарши Ҳоланднинг ягона голи билан кифоялангани бироз кутилмаган ҳол бўлди. Норвегиялик ҳужумчи АПЛда «шаҳарликлар» учун 74 гол уриб улгурди — бу айнан унинг келиши туфайли жамоани тарк этган Габриэл Жезус 5 мавсум давомида урган голлар сонидан биттага кўп. Ҳоланд унинг эмас, Агуэронинг рекордларини бирма-бир янгиламоқда. Шанба куни Эрлинг яна бир неча вазиятни қўлдан чиқарди, биринчи бўлим охирида эса мезбонлар учун ёқимсиз вазият юзага келди. Арчернинг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди ва бу Эдерсон қуруқ ўйинлари сонини 114 тага етказиб қўйиш имконини берди. Бразилиялик посбон бу кўрсаткич бўйича Шей Гивенни ортда қолдириб, турнир тарихидаги 14-натижани қайд этмоқда. Аммо 202 ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Чехнинг рекордигача анча бор.

«Астон Вилла» – «Борнмут» 1:1
Гол:
1:0 – 76 Баркли - 1:1 – 90+6 Эванилсон
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин (Матсен, 71), Пау Торрес, Конса, Кэш, Рожерс (Дуран, 57), Рэмзи, Тилеманс, Онана (Баркли, 46), Макгинн (Бэйли, 71), Уоткинс (Камара, 82).
«Борнмут» – Трэверс, Керкез (Брукс, 81), Сенеси, Забарний, Араухо (Смит, 30), Кук, Кристи (Адамс, 81), Семенйо, Клюйверт (Таверне, 64), Уаттара, Унал (Эванилсон, 64).
Огоҳлантиришлар: Онана (4), Клюйверт (10), Тилеманс (18), Араухо (21), Смит (39), Рэмзи (41), Унал (45+1), Макгинн (55), Дин (58), Семенйо (80), Таверне (90), Кэш (90+4), Баркли (90+6).

Чемпионлар лигасини идеал ўтказаётган «Астон Вилла» (3 ўйинда 3 ғалаба ва бирорта гол ўтказиб юборилмаган) кутилмаганда ўз уйида камтарона «Борнмут»га қарши ўйинда очко йўқотди. Бу оқшом иш ўхшамаётгани Дуран билан боғлиқ вазиятда ҳам кўринди. Одатда захирадан тушиб гол урадиган колумбиялик ҳужумчи Рэмсининг ажойиб пасидан кейин рақиб жарима майдони марказидан туриб ноаниқ зарба йўллади. Кейинроқ бирмингҳемликлар бошқа икки жокер ёрдамида гол уришди — Бэйли чап қанотдан узатма берди ва Баркли уни дарвоза тўрига киритиб юборди. Агар мезбонларнинг минимал устунлиги сақланиб қолганида, ўйиндан кейин яна барча Унаи Эмери қилган ўзгаришлар натижа бергани ҳақида гапираётган бўларди. Аммо арбитр томонидан қўшиб берилган вақт охирида Эванилсон Таверненинг узатмасига бош билан идеал зарба бериб, «Вилла Парк»ни карахт ҳолатга солди. Виллаликлар тур якунларига кўра топ-4дан тушиб кетмаслиги аниқ, аммо бир ҳафтадан кейин жамоа «Тоттенҳэм» майдонига сафар қилиши вазиятни қийинлаштириши мумкин.

Италия: сардор ҳал қилди

«Наполи» – «Лечче» 1:0
Гол:
1:0 – 73 Ди Лоренцо.
«Наполи« – Мерет, Оливера, Буонджорно, Ррахмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Гилмор (Распадори, 72), Замбо-Ангисса, Нерес (Кварацхелия, 72), Лукаку (Фолоруншо, 85), Нгонж (Политано, 57).
«Лечче» – Фалконе, Доргу, Баскиротто, Гашпар, Пелмар, Банда (Сансоне, 69), Рафья (Перре, 69), Кулибали (Ребич, 77), Рамадани, Перотти (Уден, 83), Крстович.
Огоҳлантиришлар: Нгонж (19), Ди Лоренцо (51), Перотти (77), Оливера (90), Ребич (90+3).

Антонио Контенинг минимализми натижа бермоқда. Миллий жамоалар ўйинларидан кейинги оралиқда «Наполи» қаторасига икки ўйинда минимал ҳисобда ғалабага эришиб, рақобатчиларнинг натижаларидан қатъи назар, биринчи ўринда қолишни кафолатлади. Қолаверса, бу рақобатчилар очко йўқотиши тайин, чунки якшанба куни Миланда «Интер» ва «Ювентус» ўзаро ўйнайди. Неаполдаги ўйинда эса ҳал қилувчи штурм майдонга Кварацхелия тушганидан кейин ташкиллаштирилди.

Гуржистонлик вингернинг зарбасидан кейин бурчак тўпи белгиланди, Политанонинг бурчакдан узатмасига Мактоминай зарба берди, дарвозабон биринчи зарбани қайтарди, аммо Ди Лоренцо тўпни барибир тўрга киритди. Сардорнинг голи «Наполи»га қаторасига бешинчи уй учрашувида ғалаба қозониш имконини берди, бунақа старт тарихда фақат икки бор рўй берган. Конте Алберто Бигона (1989 йил) ва Лучано Спаллеттининг (2021 йил) графиги бўйича кетмоқда. Бу мавсумлар эса неаполитанликларнинг охирги икки чемпионлиги рўй берган мавсумлардир.

Германия: «Лейпциг» биринчи, «Байер» ғалабани қўлдан чиқарди

«Аугсбург» – «Боруссия» Д 2:1
Голлар:
0:1 – 4 Мален, 1:1 – 25 Клод-Морис, 2:1 – 50 Клод-Морис.
«Аугсбург» – Лабрович, Яннулис, Волф (Кудоссу, 75), Шлоттербек, Гауэлеу, Матсима (Бауэр, 82), Якич, Режбечай, Онека (Майер, 82), Клод-Морис (Кабадайи, 82), Титц (Эссенде, 75).
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Антон (Жан, 46), Рюэрсон (Кабар, 68), Нмеча (Байер, 63), Забитцер (Гросс, 46), Брандт, Гиттенс, Мален (Кэмпбелл, 89), Гирасси.
Огоҳлантиришлар: Яннулис (41), Кабар (71), Титц (73), Гауэлеу (87), Бенсебайни (90+4).
Четлатиш: Кабар (90+9).

Мален ўйин бошида Гирассининг узатмаси билан ҳисобни очади, аммо якунда «Боруссия» ютқазади. Дортмундликлар жамоасининг сўнгги ҳафтадаги схемаси шундай ишламоқда, навбатдаги мағлубиятдан кейин жамоа еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлардан ортда бормоқда. «Реал» ва «Аугсбург»га қарши ўйинлардаги яна бир ўхшаш жиҳат сифатида —натижани рақиб сафидаги тўпурар қаҳрамон ҳал қилганини айтиш мумкин. Мадридда Винисиус Жуниор шундай вазифани бажарганди, бундеслига ўйинида — француз Клод-Морис катта саҳнага чиқди. Ҳозирда ротация футболчиси, у шанба кунги ўйинга қадар фақат битта гол урганди. Аммо яхши спорт формасига чиққан Клод-Морис шанба куни бошланғич таркибда туширилди ва у узоқ масофадан йўлланган икки зарбаси билан ўйиннинг боришини ўзгартирди. Биринчи ҳолатда аниқ йўлланган зарбадан кейин Кобел «асаларилар»ни қутқара олмаган бўлса, мезбонларга ғалаба келтирган айланма зарба — ижрочининг маҳорати ва совуққонлигини намойиш этди. Бу жиҳатлар сўнгги дақиқаларда тўпни дарвозабоннинг ўзига қарата тепган Гиттенсга етишмади. «Боруссия» бу мавсумда сафар ўйинларида қийналмоқда, жамоа ички чемпионатда сафарда фақат бир марта дуранг ўйнаб, уч ўйинда ютқазди.

«Лейпциг» – «Фрайбург» 3:1
Голлар:
0:1 – 15 Доан, 1:1 – 47 Орбан, 2:1 – 58 Гертрюйда, 3:1 – 78 Опенда.
РБ «Лейпциг» – Гулачи (Вандевордт, 46), Хенрихс, Лукеба (Битшиабу, 80), Орбан, Гертрюйда (Клостерманн, 80), Кампл, Айдара (Вермерен, 65), Баумгартнер, Нуса, Опенда, Шешко (Андре Силва, 65).
«Фрайбург» – Атуболу, Гунтер (Гинтер, 87), Линҳарт, Розенфелдер, Кюблер (Силдийя, 68), Ҳефлер, Остерҳаге, Грифо (Муслия, 68), Доан, Динкчи (Хелер, 87), Адаму (Грегорич, 68).
Огоҳлантиришлар: Адаму (38), Линҳарт (46), Опенда (79), Вермерен (88).

«Лейпциг» эса «Боруссия»дан фарқли ўлароқ, еврокубокдаги мағлубиятдан кейин ўзига кела олди. Қолаверса, таркибдаги йўқотишлар билан боғлиқ муаммо ҳам ҳал қилинган, ҳафта ўртасида «Ливерпул»га қарши ўйинда Симонс ҳам жароҳат олиб, сафдан чиққан ва Раум, Шлагер ва Зайвалд сафига бориб қўшилганди. Турнир жадвалида қўшни бўлиб турган рақибга қарши ўйинда ўйин бошида Доэн ҳисобни очишига қаршилик кўрсата олмаган ҳимоячилар иккинчи бўлимда айбини ювди. Жамоа сардори Орбан Ҳенрикснинг узатмасидан кейин марказий ҳужумчи позициясида туриб ҳисобни тенглаштирди, Гертрюйда нидерландиялик барча ҳимоячилар каби қанотдан жарима майдонига кириб бориб, Опенданинг узатмасига етиб борди. Кейинроқ белгиялик форварднинг ўзи тезкор қарши ҳужумда «Фрайбург»ни узил-кесил таслиқ этди. Марко Розе жамоаси яна биринчи ўринга кўтарилди ва «Бавария»нинг якшанба кунги ўйини натижасини кутади.

«Вердер» – «Байер» 2:2
Голлар:
0:1 – 30 Бонифасе, 1:1 – 74 Дукш, 1:2 – 77, автогол Агу, 2:2 – 90 Шмид.
«Вердер» – Цеттерер, Пипер (Юнг, 82), Фридл, Малатини (Топп, 86), Шмид, Грюлл (Берк, 82), Агу (Кен, 82), Вайзер, Линен, Битенкур (Нджинма, 68), Дукш.
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Виртц, Тере (Алеиш Гарсия, 82), Грималдо, Фримпонг, Андрих, Чака, Бонифасе (Шик, 70).
Огоҳлантиришлар: Вайзер (50), Инкапиэ (88).

Ҳаби Алонсо Бременга сафар қийин кечишини яхши тушунарди, шу туфайли Чемпионлар лигасида захирадан фақат Фримпонг ва Чака туширилди, Андриҳ захира ўриндиғида қолдирилди, Бонифейс эса — Францияга сафар ўйинига ҳам бормаганди. Дам берилган нигериялик ҳужумчи Фримпонгнинг қанотдан узатган тўпига етиб бориб, ҳисобни очди. Нидерландиялик ҳимоячи голни Адли футболкасини намойиш этган ҳолда нишонлади, у «Брест» билан ўйинда жиддий жароҳат олган ва фақат январ охирида сафга қайтиши мумкин.

Биринчи бўлимни ҳисобда устун ҳолда якунлаганига қарамай, «Байер» бу дақиқаларни осон ўтказмади ва «Вердер» етакчиси Дукш мунтазам равишда шу куни бундеслигада леверкузенликлар учун 200 ўйин ўтказган илк хорижликка айланган Градецкига иш топиб берди. Финландиялик посбон бир неча дуэлда устун келди, аммо иккинчи бўлимда немис ҳужумчиси бош билан тўпни олис бурчакка йўллаганида ожиз қолди. Лекин мезбонларнинг қувончи узоққа чўзилмади ва тиним билмас Фримпонг Агуни ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйишга мажбур қилди.

Меҳмонлар «Вердер» дарвозасига учинчи голни уриб, масалани ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо Вирцнинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди, асосий вақтнинг охирги дақиқасида эса Шмидтнинг зарбасидан кейин Градецки қутқара олмади. «Байер» ғалабани ва «Бавария»ни қувиб ўтиш имкониятини қўлдан бош берди, аммо барибир қўшимча кўрсаткичларга кўра «Фрайбург»ни ортда қолдириб, учинчи ўринга чиқди. Жамоа бу ўринни ўзида сақлаб қолиши таъқибчилар — «Унион» ва «Айнтрахт»нинг ўзаро ўйини натижасига боғлиқ.

Кун статистикаси

Камерунлик форвард Мбемо «Брентфорд»нинг АПЛда 50 (29+21) самарали балл ишлаган 1-футболчиси бўлди.

«Ипсвич» ҳимоячиси Кларк АПЛнинг бир ўйинида автогол уриб, пеналти тайинланишига сабабчи бўлган ҳамда майдондан четлатилган 2-футболчи бўлди, бунгача бундай ҳолат «Саутҳемптон» ҳимоячиси Беднарек билан ҳам рўй берганди..

«Аталанта» ҳужумчиси Ретеги янги жамоаси учун дастлабки 9 ўйинида 9 гол урган 3-италиялик бўлди (уч очколик тизимга ўтилган даврда). Бунгача бу ишни фақат «Сампдория» сафида Винченцо Монтелла (1996 йил) ва «Фиорентина»да Лука Тони (2005 йил) уддалаганди.

Бу мавсумда «Вилярреал» вингери Айосе Перес 4 ўйинда ғалаба голини урди. Бундан кўпроқ натижа — фақат Левандовскида (5).

ПСВ 4-бор Нидерландия чемпионатида мавсумни 10 ғалаба билан бошламоқда. Эйндҳовенликлар ўтган мавсумда ҳам шундай старт олиб, «Аякс»ни ортда қолдирган ҳолда рекорд ўрнатганди.

Ҳужумчи Уэлбек АПЛ ўйинларида «Брайтон» сафидаги 29-голини урди. Яна бир аниқ зарба билан у ёзда «Боруссия»га ўтиб кетган Гросснинг натижасини такрорлайди.

Себастян Ҳёнесс «Штутгарт» бош мураббийи сифатида бундеслигадаги 50 ўйинидан 29 тасида ғалабага эришди. Жамоа тарихида у бу борада фақат 1984 йилда чемпионликка эришган Ҳелмут Бентҳаусдан пастроқ натижа қайд этган.

Мавзуга оид