Ўзбекистон | 21:51 / 28.10.2024
5438
5 дақиқада ўқилади

28 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Парламент сайловларининг дастлабки натижалари, Алламжонов суиқасд қилган гумондорлар, мактабларда кузги таътил муддати — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Сайловнинг дастлабки натижалари

27 октябр кунги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари сайловида рўйхатга олинган 19 млн 944 мингдан ортиқ сайловчидан 15 млн 27 минг 529 нафари (ёки 74,72 фоизи) овоз берди, деган МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев брифингда.

Қонунчилик палатаси учун Ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон либерал-демократик партияси 34,75 фоиз овоз тўплаб (26 та мандат) биринчи, «Миллий тикланиш» партияси 18,82 фоиз билан иккинчи (14 мандат) бўлди.

Кейинги ўринлар Халқ демократик партияси (17,11 фоиз, 13 та ўрин), «Адолат» партияси (16,20 фоиз, 12 та) ва Экология партияси (13,12 фоиз, 10 та ўрин) ўртасида тақсимланган.

Бир мандатли сайлов округи бўйича эса ЎзЛиДеП 38 та, «Миллий тикланиш» 15 та, «Адолат» 9 та, ХДП 7 та, Экопартия эса 6 та ўринга эга бўлган.

Партияларнинг Қонунчилик палатасидаги мандатларининг умумий сони қуйидагича бўлди:

  • ЎзЛиДеП – 64 та;
  • «Миллий тикланиш» – 29 та;
  • «Адолат» – 21 та;
  • ХДП – 20;
  • Экопартия – 16 та.

Алламжоновга суиқасд

Бош прокуратура матбуот хизмати Комил Алламжоновга уюштирилган қуролли ҳужум юзасидан қўшимча маълумот берди. Идора буни «қотилликка суиқасд ҳолати» деб баҳолаган.

Аввалроқ битта гумондор ушлангани маълум қилинган эди. Энди жиноятни содир этишга алоқадор бўлган шахсларнинг яна уч нафари ушлангани айтилмоқда.

«Бош прокуратура томонидан Қибрайдаги қотилликка суиқасд ҳолати билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган шахсларнинг яна уч нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланди», дейилади хабарда.

Бош прокуратура 26 октябр куни соат 1:40 атрофида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Ифор кўчасида икки номаълум шахс Президент администрацияси собиқ ходими Комил Алламжоновнинг Range Rover русумли йўлтанламас автомобилига ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетгани ҳақида хабар берган эди. Ҳайдовчи ва Алламжонов жабрланмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

27 октябр куни ушбу жиноятни содир этишда гумонланувчиларнинг бири ушлангани хабар қилинди.

Мактабларда кузги таътил

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун чоракнинг сўнгги куни 2 ноябрга тўғри келиб, 4 ноябр кузги таътилнинг илк куни ҳисобланади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги хабар берди.

«Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги тизимидаги умумтаълим, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари учун жорий ўқув йилининг кузги таътили 4 ноябрдан бошланиб, 10 ноябргача давом этади», дейилади хабарда.

II чорак дарс машғулотлари 2024 йил 11 ноябрдан бошланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, ўқувчилар учун таътил кунлари қуйидагича белгиланган: 

  • кузги таътил – 4 ноябрдан бошлаб 6 календар кун;
  • қишки таътил – 28 декабрдан бошлаб 14 календар кун;
  • баҳорги таътил – 21 мартдан бошлаб 7 календар кун;
  • ёзги таътил – охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан (босқичли назорат ўтказилмайдиган синфлар учун ўқув йили тугаган кундан кейинги кундан) бошлаб 1 сентябргача.

1-синф ўқувчилари учун эса феврал ойи давомида қўшимча бир ҳафталик таътил белгиланади.

Эҳтиёжмандлар учун компенсация

Ўзбекистонда Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловлари учун бир марталик компенсация берилади.

Иситиш мавсумида электр энергияси ва газ харажатларини қисман қоплаш учун қарийб 1,4 миллион оилага 270 минг сўмдан бир марталик компенсация тўланади. Бу маблағ бола пули ва/ёки моддий ёрдам оладиган оилаларнинг картасига 27 ноябрдан кейин тушириб берилади.

Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар бермоқда.

Мазкур бу тўлов газ ва электр энергиясига тарифлар ошиши оқибатини юмшатишда ёрдам беради. Таъкидланишича, компенсация бир йилда фақат бир марта тўланади. Унинг миқдори – 270 минг сўм.

Компенсация оладиганлар рўйхатига қуйидагилар киритилади:

  • асосий рўйхат бўйича – “Ижтимоий ҳимоя” реестри орқали болалар нафақаси ва/ёки моддий ёрдам оладиган оилалар (1,2 млн оила);
  • қўшимча рўйхат бўйича – бошқа эҳтиёжмандлар (180 минг оила).

Мавзуга оид