Жаҳон | 21:20 / 28.10.2024
4921
2 дақиқада ўқилади

Моди BRICS саммитида Россия ва Ўзбекистон президентларига расм совға қилди

Шунингдек, Эрон президентини ҳам эътибордан четда қолдирмади.

Фото: AFP

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Қозонда ўтган BRICS саммитида Россия президенти Владимир Путинга «соҳраи» техникасидан фойдаланган ҳолда чизилган расм совға қилди, деб ёзди The Times of India.

Қайд қилинишича, расм оқ сополга мўйқалам, таёқча, бармоқ билан чизилган ва мураккаб нақшлардан иборат. Унда ҳайвонлар, қушлар ва табиат тасвирланиб, маҳаллий қабила маданияти доирасида аграр ҳаёт тарзини ва табиатга чуқур эҳтиромни ифодалайди.

Фото: The Times of India

Шунингдек, Моди бошқа давлатлар раҳбарларини ҳам эътибордан қолдирмади. Хусусан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга анъанавий «Варли» расмини, Эрон президенти Масъуд Пизишкиёнга эса денгиз чиғаноқларидан ясалган ваза совға қилди.

Нашрнинг таъкидлашича, «Варли» санъати Махараштранинг Варли қабиласидан келиб чиққан бўлиб, 5 минг йиллик тарихга эга. Асосий геометрик шакллар ёрдамида чизилган расмларда табиат манзаралари, байрамлар ва ижтимоий тадбирлар орқали қабила ҳаёти тасвирланади.

BRICS саммити 22-24 октябр кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 35 давлатдан делегациялар қатнашди, улардан 23 тасига юқори мансабдор шахслар, қолганларига бош вазирлар бошчилик қилди.

Мавзуга оид