Жаҳон | 21:26 / 29.10.2024
4908
2 дақиқада ўқилади

КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг хавфсизлиги кучайтирилди – ОАВ

Унинг атрофида алоқани сўндирувчи махсус мосламалар, дронларни аниқлаш ускуналари ўрнатилгани таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг хавфсизлигини «суиқасд таҳдиди туфайли» кучайтирилди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap телеканали ва Жанубий Корея Миллий разведка хизмати (NIS) маълум қилди, деб ёзди Newsweek.

Қайд этилишича, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг ҳаётига таҳдид солиниши мумкинлиги сабабли хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Жумладан, унинг атрофида алоқани сўндирувчи махсус мосламалар, дронларни аниқлаш ускуналари ўрнатилган. Шу билан бирга, КХДР раҳбари жорий йилда омма олдида 110 дан ортиқ марта чиқиш қилгани, бу ўтган йилга нисбатан 60 фоизга кўп эканли таъкидланмоқда.

Ким Чен Ин хавфсизлиги кучайтирилгани ҳақидаги хабарлар КХДР ташқи ишлар вазирининг Москвага ташрифи билан бир вақтга тўғри келди. Пхенян ташриф мақсади ҳақида изоҳ бермаган бўлса-да, Корея давлат ахборот агентлиги ташқи ишлар вазири Чо Сон Хуи бошчилигидаги делегация хавфсизлик масалалари ва ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Россияга йўл олганини маълум қилди.

Ўтган ҳафта Ким Чен Ин АҚШ таҳдидига қарши «стратегик тийиб туриш» қуролларини кучайтириш зарурлиги ҳақида гапириб, КХДР учун асосий хавф сифатида Американинг ядровий арсеналини кўрсатган эди. У мамлакатнинг стратегик ракета базаларини модернизация қилиш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда КХДР ядро қуроли ва баллистик ракеталарни ишлаб чиқишда давом этгани учун халқаро санкциялар остида қолмоқда ва Америка олимлари федерациясининг ҳисоб-китобларига кўра, унда 90 тагача ядровий каллак яратиш учун материаллар мавжуд.

Мавзуга оид