Жаҳон | 15:46 / 30.10.2024
5515
9 дақиқада ўқилади

Энцо Майорка — овчидан табиат ҳимоячисига айланган спортчи ҳақида ҳикоя

2009 йилда Италияда сув остига шўнғиётган спортчи олдига делфин келади ва уни пастга тортади. Спортчи жонзот ортидан сув остига тушганда бошқа бир делфиннинг тўрга ўралиб қолганини кўради ва уни қутқаради. Қутқарилган делфин сув юзасига чиққач, кўзи ёрийди. Шунда спортчи бир эмас, иккита делфинни қутқариб қолганини англайди.

Фото: Kun.uz

Тарих гувоҳ, инсонларнинг табиатга ва ундаги жонзотларга қарши бориши ва уларни аёвсиз маҳв этиши ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган.

Бундан нафақат табиат, балки энг кўп инсонларнинг ўзи жабр чеккан. Узоққа бормайлик, собиқ иттифоқ даврида пахта далаларини кўпайтириш учун чўлларнинг ўзлаштирилиши нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун бошли Марказий Осиё учун аянчли кечди.

Орол денгизи қуриди. Кўплаб сув омборлар барпо этилиши ортидан дарёлардан сув қочди. Иқлим ўзгариб, ёғингарчилик миқдори камайди. Оқибатда жиддий экологик муаммолар пайдо бўлди.

Аслида, табиатга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлиш дунёнинг барча ҳудудларида содир бўляпти. Айниқса, 20-асрда фан ва техника ривожланиши ортидан бу иш жуда тезлашди.

Орол денгизининг турли йилларда қуриб келиши жараёни

Ўрмонлар аёвсиз кесилди, қуруқлик ва сув жонзотлари қириб юборилди. Тупроқ ва сув кимёвий моддалар билан заҳарланди. Бу жараён ҳануз давом этмоқда.

XXI асрга ўтиб инсоният пластик муаммосига дуч келди. Чиқинди сифатида ташланаётган пластиклар дарёлар орқали дунё океанига чиқиб кетди ва улар денгиз жонзотларини ҳалок қилишда давом этмоқда.

Бугун табиатга қарши ишлар авжида экан, айримларнинг ҳайвонот ва наботот дунёсини асраб қолиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.

Айримлар эса фавқулодда юз берган ҳолат туфайли табиат ва ҳайвонот дунёсига бўлган қарашларини кескин ўзгартирган.

Италиялик Энцо Майорка ҳам ана шундай инсонлардан бири ҳисобланади. 1967 йилда содир бўлган бир ҳодиса унинг табиатга ва жонзотларга бўлган қарашларини ўзгартириб юборган.

Энцо Майорка (чап томонда) денгизда
Фото: newsbomb.gr

Сув остига шўнғиш ва овчилик

Энцо Майорка 1936 йилда Италиянинг Сицилия оролида туғилади ва шу ерда умр кечиради. У денгиз бўйида яшагани учун 4 ёшидаёқ сузишни ўрганиб олади. Кейинчалик Энцо сув остига шўнғишга қизиқиб қолади.

Энцонинг сув остига шўнғиш билан шуғуллана бошлашига дўсти сабабчи бўлади. 1956 йилда Энцо 20 ёшда эканида дўсти сув остига 41 метр чуқурликкача шўнғиб рекорд ўрнатган спортчи ҳақида гапириб қолади.

Шундан сўнг Энцо сув остига шўнғиш билан жиддий шуғуллана бошлайди. 1960 йилда у сув остига 45 метргача шўнғийди ва рекорд ўрнатади.

Кейинчалик бошқа бир спортчи 46 метр натижа кўрсатганда Энцо ундан ортда қолишни хоҳламайди. У 49 метргача пастга тушади ва яна рекордни ўзига қайтариб олади. Шу тариқа у фридайвинг бўйича маҳоратли спортчига айланади.

Ўша пайтларда Энцо сув остига шўнғиш билан бирга балиқ ови билан шуғулланарди. Бироқ, 1967 йилда, 36 ёшида ҳаётида рўй берган бир ҳодиса туфайли у балиқ овини мутлақо йиғиштиради. Аксинча, табиат ва ҳайвонот дунёси ҳимоячисига айланади.

Энцо Майорка сувга шўнғишдан аввал, 1970-йиллар
Фото: ilfattoquotidiano.it

Энцонинг ўзи бу ҳодисани шундай ҳикоя қилади:

«Ҳаммаси тўсатдан содир бўлди. Мен Сиракуза кўрфазининг жанубида очиқ денгизга туташган жойда, саёз сувларда шўнғиётган эдим. Ўша куни мен йирик бир балиқни овладим. У жуда кучли ва курашувчан эди. Сув остида учи найзали милтиғим билан уни таъқиб қилардим, балиқ эса қочарди. Шу пайтда балиқ икки тош орасидаги бўшлиққа тиқилиб қолди. Найза санчганимдан сўнг уни чиқариб олишга уриниб, ўнг қўлимни балиқнинг қорнига югуртирдим. Шунда у қўрққанидан қотиб қолди ва балиқнинг юраги қаттиқ ура бошлади. Қўлимга унинг жароҳатидан оққан қон теккач мен тирик мавжудотни ўлдираётганимни англадим. Ўша ҳодисадан сўнг балиқ овлашни тўхтатдим. Ўшандан буён балиқ овлайдиган гарпуним уйимнинг чанг босган ертўласида эгаси йўқ экспонатдек ётибди. Бу ҳодиса 1967 йилда содир бўлганди».

Шу тариқа Энцо балиқ овлашни бутунлай йиғиштиради ва фақат сув остига шўнғиш билан шуғулланади. Шунингдек, у табиат ҳимоячисига айланади.

1974 йилда Энцо Италиянинг жанубий-ғарбида жойлашган Салерно шаҳри яқинида сувга шўнғиш бўйича янги рекорд ўрнатиш учун денгизга тушади.

Италия миллий телевидениеси ўз тарихида биринчи марта жараённи жонли эфирда кўрсатади. Энцо 90 метр чуқурликка шўнғиб янги жаҳон рекордини ўрнатади.

Энцо тепага қайтиб чиқаётганда сув остига шўнғиш бўйича йўриқчи билан тўқнашиб кетади. Шунда у ғазабланади ва қаттиқ сўкинади. Телевидениеда жонли эфир кетаётгани учун унинг сўкинишини барча телетомошабинлар эшитади.

Унинг бу ғазабланиши қимматга тушади. Энцо узоқ йиллар давомида телевидение тақиқига тушади. Бундан ташқари, уни ўн йилдан кўпроқ вақт давомида мусобақалардан четлатишади.

Энцо 1988 йилга келиб яна фридайвинг спортига қайтади ва 101 метр чуқурликка шўнғиб, ўзининг сўнгги рекордини ўрнатади.

Фото: sfgate.com 

Энцонинг мукофотлари ва спортчи ҳақида филм

Энцо Майорка бир қанча медаллар билан тақдирланган. Жумладан:

  • Спортдаги натижалари учун 1964 йилда Италия Республикаси президенти Олтин медали;
  • «Мовий денгизга интилиб» китоби учун Италия миллий олимпия қўмитасининг махсус мукофоти;
  • Спортни ривожлантириш йўлида қилган хизматлари учун Италия миллий олимпия қўмитасининг Олтин юлдузи;
  • Атроф-муҳитни асраш учун қилган хизматлари эвазига Олтин медал;
  • Денгиз фестивали мукофоти билан тақдирланган.

Маълумот учун, Энцо Майорка жами тўртта китоб ёзган. Уларнинг дастлабкиси 1977 йилда, сўнггиси 2011 йилда чоп этилган.

1988 йилда франциялик таниқли режиссёр Люк Бессон Энцо Майорка ва яна бир спортчи Жак Майолнинг сув остига шўнғиш бўйича ўзаро рақобати ҳақида филм ишлайди.

“Мовий тубсизлик” деб номланган филмда Энцонинг фамилияси Молинари деб ўзгартирилади ва унинг ролини таниқли актёр Жан Рено ижро этади. Филм катта экранларга чиққанидан сўнг Энцо бир неча йил режиссёрдан хафа бўлиб юради.

Жан Рено Энцо Молинари ролида
Фото: filmweb.pl

Энцо филмда характери тўлиқ очиб берилмаган ва режиссёр уни салбий буёқда тасвирлаган деб ҳисоблайди. Шунингдек, Люк Бессон миллатдоши Жак Майолни (у француз бўлган) ўзидан устун қўйиб ноҳақлик қилган деб айтади.

Шу учун ҳам Энцонинг талаби билан филм узоқ йиллар давомида Италияда намойиш этилмайди.

Фақат 2001 йилда рақиби Жак Майол вафот этгач Энцо филмга муносабатини ўзгартиради ва унинг Италияда ҳам намойиш этилишига рухсат беради.

Делфинлар билан бўлган ҳодиса

2009 йилда Энцо Майорканинг ҳаётида яна бир унутилмас ҳодиса содир бўлади.

Энцо қизи билан сув остига шўнғиш машқини ўтказаётганда улар ўтирган қайиққа бир делфин яқинлашади ва унинг елкасига секин туртади.

Делфинга қараган Энцо у қайиқ олдига ўйнаш учун келмаганини тушунади ва сувга тушади. Шунда делфин уни сув остига бошлайди.

Фото: giornalesiracusa.com

Энцо пастга тушганда сув остида бошқа бир делфин тўрга илиниб қолганини кўради. Тезда тепага чиқиб пичоқ олиб тушади ва делфинни тўрдан халос этади.

Делфинлар сув остида 10 дақиқа бардош бера олади. Агар шу вақтда сув юзасига чиқиб, нафас олмаса улар ҳалок бўлади.

Энцо делфинни қутқариб қолади ва улар сув юзасига чиқишади. Бироз ўтиб тўрдан халос бўлган делфиннинг кўзи ёрийди. Шунда Энцо бир эмас, икки делфинни қутқаргани учун хурсанд бўлади.

Шундан сўнг Энцодан келиб ёрдам сўраган эркак делфин ундан жуда миннатдор бўлади. Спортчининг олдига келиб у билан ўйнайди.

Ўшанда Энцо ўзининг машҳур гапини айтади:

«Инсон табиатни ҳурмат қилишни ва ҳайвонот дунёси билан сўзлашишни (мулоқот қилишни) ўрганмагунча, у Ердаги ўзининг ҳақиқий ролини ҳеч қачон билолмайди».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид