Ўзбекистон | 16:35 / 30.10.2024
3971
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада сайлов қонунчилигини бузган участка сайлов комиссияси аъзоси маъмурий жазога тортилди

Данғара туманидаги 541-сайлов участкаси сайлов комиссияси аъзоси бир шахсга яқинлари номидан ҳам овоз бериши учун бир нечта бюллетен бергани аниқланди. Унинг бу ҳуқуқбузарлиги судда кўриб чиқилди.

Данғара туманидаги 541-сайлов участкаси сайлов комиссияси аъзоси М.А. 27 октябр куни ўтказилган депутатлар сайловида ҳуқуқбузарлик содир қилганлиги маълум бўлди. Ушбу иш ЖИБ Данғара туман судида кўриб чиқилган.

Kun.uz танишган суд қарорида келтирилишича, тумандаги 541-сайлов участкаси сайлов комиссияси аъзоси ҳисобланган М.А. 27 октябр куни ўтказилган депутатлар сайловида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига риоя қилмаган. У фуқаро М.М.га бошқа шахслар номидан овоз бериш учун жами 4 тадан ортиқ бўлган сайлов бюллетенини бериб, сайлов ўтказиш қонунчилигини бузган.

М.А. судда содир этган ҳуқубузарлигига тўлиқ иқрор бўлган.

2024 йил 27 октябр куни сайлов вақти тугаб бораётгани учун вақтдан ютиш мақсадида тумандаги Катта Бойбуча маҳалласида яшовчи М.М.га бошқа шахслар номидан ҳам овоз бериш учун 4 тадан ортиқ сайлов бюллетенини бердим. Бу билан сайлов қонунчилиги бузилишига йўл қўйдим. Чин кўнгилдан пушаймонман”, деган у.

Суд қарори билан М.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-10-моддасида (сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид