Ўзбекистон | 15:42 / 30.10.2024
2736
3 дақиқада ўқилади

Маълумотлар “кафт устида” бўлса, тўғри қарор чиқариш эҳтимоли ортади – Тошкентда маълумотларни бошқариш мавзусида конференция бўлиб ўтди

Тасаввур қилинг, халқ ҳаётига таъсир қилувчи муҳим қарор қабул қилишингиз керак. Қарорингиз хато бўлса, минглаб одамларнинг ҳаётига зарар бўлади. Нима қилиш керак? Замонавий тажриба – қарор чиқаришдан олдин имкони борича кўпроқ маълумотлар билан танишиб, уларни таҳлил қилиб, кейин қарор чиқариш кераклигини айтади.

Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги

Одатда бу каби тадбирларни ёритиш ОАВ учун қизиқмас – ўқувчи бу хабарларни “ўтказиб юборади”. Шу учун ҳам ташкилотчилар қўнғироқ қилиб, журналист сифатида тадбирга ташриф этишимни сўрашганда доим бироз ўйланаман: “борайми, йўқми?” Аммо бу сафар ўйланмасдан “бораман” дедим, чунки мавзу аҳамиятини биламан – маълумотларни тартибли жамлаш ва кейин улардан тўғри фойдаланиш тизими яратилса, қарор қабул қилувчилар нотўғри қарорларни қабул қилиш эҳтимоли фавқулодда пасаяди. Шу учун ҳам мазкур ҳаракат қўллаб-қувватланиши зарур.

Конференцияда соҳада қилинаётган ва қилиниши керак бўлган ишлар тилга олинди. Хусусан Солиқ қўмитасининг ўз фаолиятида маълумотларни жамлаш ва фойдаланиш соҳасида қилаётган ишлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан онлайн назорат-касса машиналарининг автоматлаштирилган ахборот тизими доирасида тўпланаётган маълумотлар кўлами кўрсатилди. Унда маълум вақт оралиғида қайси маҳсулот қай миқдорда сотилганини кўриш мумкин.

Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида сотилган товар ва хизматлар кўрсаткичларини кузатиб туриш мумкин.

Божхона қўмитаси тақдим этган презентацияда соҳани рақамлаштириш бўйича қилинган ишларни таҳлил қилиш мумкин.

Юқори даражали бошқарувчилар учун “Dashboard” номли рақамли бошқарув панели жорий этилади. Бундан ташқари, сунъий интеллект қарор қабул қилиш жараёнини янада самаралироқ қилиш мақсадида таҳлилий ёрдамчига айланади.

Янги қонуннинг қабул қилиниши билан давлат сиёсатини шакллантириш, барча соҳалар маълумотларидан ягона “кўлдан” фойдаланишни таъминлаш ҳамда яхлит давлат ёндашувини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш, стратегик режалаштириш, давлат дастурларини амалга ошириш ва давлат бюджети самарадорлигини ошириш тамойили илгари сурилмоқда.

Чора-тадбирлар сифатида қуйидагилар кутилмоқда:

  • Янги маълумотларнинг қийматини муҳокама қилиш учун вазирлик ва идоралардан иборат юқори даражадаги маълумотлар кенгашини тузиш;
  • “маълумотлар бир марта йиғилади ва кейин қайта ишлатилади” тамойили асосида вазирликлар ва идоралар томонидан маълумотлар каталогини яратиш. Яъни агар бир идора маълумотларга эга бўлса, у тасдиқланган функцияларни амалга ошириш учун уни бошқа идора билан баҳам кўради;
  • Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига мувофиқ хавфсиз маълумотлар алмашинувини таъминлаш;
  • Инфратузилмани босқичма-босқич яратиш учун техник, шу жумладан муҳандислик қисмларини баҳолаш ва ривожлантириш;
  • Маълумотларга бўлган талаблар, стандартлар, моделларни ишлаб чиқиш;
  • Муайян давр учун устуворликлар асосида юқори даражадаги амалдорлар учун маълумотларни жамлаш учун “Dashboard” панелини яратиш .
  • Маълумотларни қайта ишлаш учун сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш;
  • Сўровларни камайтириш учун стандартлаштирилган ҳисобот шаклини қабул қилиш.

Шокир Шарипов

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид