Жаҳон | 10:30 / 31.10.2024
1468
4 дақиқада ўқилади

Боррел: ЕИ РФдаги сиёсий қатағон қурбонларини унутмайди

Россияда сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан қилган мурожаатида Боррел нафақат собиқ, балки ҳозирги сиёсий маҳбусларни ҳам эслаб ўтди.

Фото: Wikipedia

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел Россияда сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш кунига бағишланган баёнот билан чиқди. Бу ҳақда 30 октябр, чоршанба куни Европа ташқи ҳаракатлар хизмати расмий сайтида эълон қилинди.

«Европа Иттифоқи сиёсий қатағон қурбонлари хотирасини ҳурмат қилади ва қурбонлар хотирасини сақлашда давом этаётганларнинг фидойилигини тан олади», — деди Европа дипломатияси раҳбари. Боррелнинг қайд этишича, замонавий Россия ҳукумати ўтмишдаги хатоларни тан олмайди, аксинча, сиёсий қатағон қурбонлари реабилитациясини бекор қилади.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи бош дипломати бугунги кунда ҳам ўз эътиқодлари туфайли Россия қамоқхоналарида қолаётган одамларни тилга олди. «Мемориал» инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, уларнинг сони 750 дан ортиқ. Боррелнинг сўзларига кўра, россиялик сиёсий маҳбуслар «доимий равишда қийноқлар ва шафқатсиз муносабатга дучор бўлишади» ва тиббий ёрдам олишдан имконидан маҳрум этилади, бу эса «соғлиғининг жиддий ёмонлашишига ёки ҳатто ўлимга олиб келади, шу йил бошида мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний билан содир бўлганидек».

Мурожаати сўнгида Жозеп Боррел яна бир бор Россия ҳукуматини «репрессив қонунчиликни», жумладан «ўзларининг тажовузкор уруши ҳақидаги ҳаққоний маълумотлар криминализация қилиниши»ни, шунингдек, «чет эл агентлари» ва «номақбул ташкилотлар тўғрисида»ги қонунларни бекор қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи «катта шахсий таваккалчиликка ва ўта оғир шароитларга қарамай, ҳақиқатни жасорат билан айтадиган, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига содиқ, эркин, демократик Россия манфаати учун меҳнат қилаётган Россия фуқаролари билан бирдам».

Россияда ва дунёда «Исмларни қайтариш» акцияси бўлиб ўтди

Россия ва бошқа бир қатор мамлакатларда 29 октябр куни сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган «Исмларни қайтариш» тадбири бўлиб ўтмоқда. Унинг иштирокчилари совет ҳокимияти йилларида қатл этилган, лагерларга юборилган ёки ҳуқуқларидан маҳрум бўлганларнинг исмларини ўқиб чиқдилар. 2007 йилдан буён акцияни ташкил қилиб келаётган «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ҳаракати тадбирни жонли эфирда намойиш этди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, исмларни ўқиш Москвада бошланиб, Иркутск, Бремен, Ревде, Денвер, Дрезден ва Страсбургда давом этган. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, бу йил дунёнинг 109 та шаҳрида, жумладан, 19 та Россия шаҳрида «Исмларни қайтариш» амалга оширилган.

«Менимча, бу жуда муҳим кун. Бу кунда одамлар ҳукуматнинг буйруғига кўра эмас, балки ўз хоҳиши билан тарихни эслаяпти. Давлат тарихнинг ягона тўғри вариантини тақдим этишга ҳаракат қилмоқда», — деди Москвадаги Соловецкий тошига келган «Мемориал» бошқаруви раиси Ян Рачинский.

Мавзуга оид