Ўзбекистон | 09:40 / 31.10.2024
1306
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда "Ипак йўлида туризм" халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўтказилади

Хитойнинг Sohu, Takungpao, Sino-Asia web TV Station янгиликлар порталлари, Lookwe, Psearcher ва "Китай" журналлари 21-23 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган "Ипак йўлида туризм" Тошкент халқаро туризм ярмаркасига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.

Хитой нашрлари ёзганидек, бу йил Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси илк бор CAEx (Central Asian Expo Uzbekistan) халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилади.

Таъкидланишича, ТХТЯ энг йирик ахборот тадбири бўлиб, туризм маҳсулотларини тарғиб қилиш ва ҳамкорлик учун ишбилармонлик алоқалари ўрнатишга ёрдам беради. Сўнгги ўттиз йилликда ТХТЯ туризм соҳасидаги энг қизиқарли тадбирлардан бири сифатида ўзини намоён қилди ва ҳар йили "БМТ Туризм" ташкилоти расмий кўмагида ўтказиладиган Марказий Осиёдаги энг йирик тадбир ҳисобланади.

Бу йил ярмарка бутун дунёдан сайёҳлик бизнеси мутахассисларини бирлаштиради ва кўп жиҳатдан етакчи туризм ҳамда транспорт компаниялари, йирик меҳмонхона тармоқлари, дипломатик корпуслар, туризм соҳасидаги таълим муассасалари, шунингдек, MICE туризм вакиллари учун фойдали бўлади.

Нашрларда бу йил Хитой Маданият ва туризм вазирлиги ТХТЯда миллий павилон билан иштирок этиши хабар қилинган. "Уларнинг "ТХТЯ-2024" кўргазмасида иштирок этиши туризм ва маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлайди, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади", – дейилган манбаларда.

Мақолалар якунида "Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатга йирик компанияларни жалб қилиш, сайёҳлар сонини кўпайтириш, шунингдек, туристик хизматларнинг барча турларига талабни оширишга хизмат қилди", – деб ёзган Хитой ОАВ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид