Ўзбекистон | 19:25 / 31.10.2024
5752
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда иссиқлик энергияси тарифи яна оширилди

Марказлашган иссиқлик таъминоти учун тарифлар иккинчи маротаба 15 фоизга қимматлади. Эндиликда аҳоли 1 Гкал учун 121 617 сўм, бошқа улгуржи ташкилотлар эса 244 497 сўм тўлайди. Аввалроқ халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши бу нархларни маъқуллаганди.

Фото: ura.ru

31 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги марказлашган иссиқлик тизими хизматлари учун нархлар 15 фоизга ошди. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов қарорини имзолади.

Қайд этилишича, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг шу йил 12 сентябрдаги қарори инобатга олинган ҳолда “Veolia Energy Tashkent” МЧЖ ХК томонидан кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги нархлар тасдиқланди.

Унга кўра, тартибга солинадиган базавий нарх ва бюджет ташкилотлари тарифи амалдаги даражасида 664 465 сўм/Гкал ва 801 963 сўм/Гкал тўлайди. Мазкур тариф аҳоли учун 1 Гкалга 121 617 сўм, бошқа улгуржи ташкилотлар учун 244 497 сўм деб белгиланди.

Таъкидланишича, ушбу нархлар пасайтирилган бўлиб, юзага келадиган зарарлар ва инвестицион харажатларга асослантирилган ҳисоб-китобларга мувофиқ, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ҳар ойда субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади.

Бунда субсидия маблағлари “ Veolia Energy Tashkent” МЧЖ ХК ва Тошкент шаҳар Давлат-хусусий шериклик бўлими томонидан тақдим қилинадиган ҳисоб-китобларга кўра ўзгармас, ўзгарувчан харажатлар ҳамда инвестицион харажатларга бўлинган ҳолда молиялаштириб берилади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт иссиқлик таъминоти учун нархлар 2024 йилнинг 2 апрелида ҳам 15 фоизга кўтарилганди.

Маълумот учун, 2025-2027 йиллар учун Бюджетнома лойиҳасида аҳолига пасайтирилган нархларда иссиқлик етказиб беришдаги зарарни қоплаш учун бюджетдан 4,2 трлн сўм субсидия ажратилиши белгиланган.

Мавзуга оид