Спорт | 16:09 / 31.10.2024
15751
12 дақиқада ўқилади

Ямал, Виртц ва Ҳусанов — Squawka кучли бешликнинг энг яхши вундеркиндлари ҳақида мақола эълон қилди

Буюк Британиянинг Squawka нашри жорий мавсумда Европанинг кучли бешлик чемпионатларида ҳаракат қилаётган энг иқтидорли ёш футболчилар борасидаги таҳлилий мақоласини эълон қилди ва унда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни ҳам эътироф этиб ўтди. Қуйида ушбу мақоланинг тўлиқ таржимаси келтирилади.

Европа бўйлаб ёш иқтидор эгалари ҳужумдаги қобилияти ва ҳимоядаги доминантлиги билан мухлисларни ўз ўринларидан туришга мажбур қилмоқда. Squawka Score тизими ёш футболчиларнинг статистикаларини таҳлил қилиб чиққан ва мавсум давомида диққат билан кузатишга арзийдиган иқтидорлар рўйхатини тақдим этган.

Абдуқодир Ҳусанов — марказий ҳимоячи

  • Клуб — «Ланс»
  • Ёши — 20
  • Squawka Score — 72 фоиз

Атиги 20 ёшда бўлишига қарамай, ушбу футболчи Ўзбекистон тақдим қилган тарихдаги энг иқтидорли футболчи номи учун жиддий даъвогар бўлиб бормоқда. Ушбу номни «Рома»да фаолият олиб бораётган ва миллий жамоа либосидаги 76 та учрашувда 41 та гол уриб, бу борада рекордчи бўлиб турган Элдор Шомуродов эгаллаб турганди. Абдуқодир «Ланс» орт чизиғига баланс ва хотиржамлик бахш этмоқда. Ҳимоявий кутиб олишлар борасида у Франция чемпионати ҳимоячилари орасида етакчи бўлиб турибди — 90 дақиқа ҳисобига ўртача 3,09 та. Ҳимоя учлиги билан қолган ҳолда тўпни ютиб олиш бўйича ҳам у лигада пешқадам — 90 дақиқа ҳисобига 3,48 та. Хавфни бартараф этишда эса у иккинчи — ўртача 6,37 ҳаракат.

Натан Зезе — марказий ҳимоячи

  • Клуб — «Нант»
  • Ёши — 19
  • Squawka Score — 74 фоиз

Францияни бежиз иқтидорлар лигаси дейишмайди. Франция биринчилигида порлаётган яна бир иқтидорли футболчи — Натан Зезе. Франциялик футболчи ҳимояланиш ва тўп билан ўйнаш масалаларида шу қадар яхши таассурот қолдирмоқдаки, «Ливерпул» ва «Астон Вилла» унинг трансферига қизиқиш билдираётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўляпти. Зезе энг ёрқин ўйинини «Тулуза»га қарши 0:0 ҳисобида якунланган беллашувда кўрсатди ва унда 19 ёшли ҳимоячи нақ 10 марта тўпни ҳимоя чизиғидан олиб чиқишни амалга оширди, 3 марта тўпни қайтариб олди, 2 марта муваффақиятли подкат қилди, 2 бор рақибларини кутиб олди ва ўзи иштирок этган 4 та елкама-елка курашнинг барчасида устун келди.

Леви Колвилл — марказий ҳимоячи

  • Клуб — «Челси»
  • Ёши — 21
  • Squawka Score — 74 фоиз

Англия миллий жамоасининг Грецияга қарши мағлубият билан якунланган ўйинида кимнидир эътироф этиш мумкин бўлса, бу — Леви Колвиллдир. Ушбу ҳимоячи юнонларнинг яна бир голли зарбасини дарвоза чизиғидан қайтариб, Жордан Пикфордни буткул шармандаликдан қутқариб қолди. Бироқ қайд этиш керакки, у «уч шерлар»нинг ҳимоясидаги хаосда ҳам ўз «ҳиссасини қўшди». Аммо Мареска бошқарувидаги «Челси»да алмаштириб бўлмас футболчига айланиб улгурган. У Виржийл ван Дейк («Ливерпул») ва Никола Миленковичдан («Ноттингҳем Форест») кейин ҳар 90 дақиқада жарима майдончаси ичида ўртача 2 тадан кўп ҳимоявий кутиб олишни амалга ошираётган 3-футболчидир. Узатмалар бўйича ҳам у лигада Максим Лакруа, Жан-Пол ван Ҳекке ва Виржийл ван Дейкдан кейинги ўринда боряпти. Чапақайлиги эса унинг ҳимоячи сифатидаги баҳосини оширади.

Карлос Балеба — таянч яримҳимоячи

  • Клуб — «Брайтон»
  • Ёши — 20
  • Squawka Score — 69 фоиз

Карлос Балеба 2023 йилда «Лилл»дан катта умидлар билан олиб келинганди, аммо унинг кутилмаларни оқлайдиган футболчи сифатида ўзини шакллантириб олиши учун бир мавсумлик мослашиш талаб қилинди. Аллақачон Камерун миллий жамоасида 4 та учрашувда қатнашишга улгурган футболчи «Брайтон» сафида 200 дан кўп дақиқаларда ўйнаганлар орасида аниқ подкатлар (3,19) ва ҳимоявий кутиб олишлар (2,13) бўйича етакчи бўлиб турибди. Шунингдек, АПЛ ва Англия лига кубогида гол уришга ҳам улгурди.

Хави Симонс — ҳужумкор яримҳимоячи

  • Клуб — «Лейпциг»
  • Ёши — 21
  • Squawka Score— 70 фоиз

Алоҳида таништиришга муҳтож бўлмаган футболчи. Хави Симонс яна ижарада ва у бундеслигада ўзи иштирок этган 6 учрашувда 2 та гол ҳамда 2 та ассист амалга оширишга ҳам улгурди. Бу ҳам ушбу футболчидан энг аввалида кутилган даражанинг жуда кичик кўламдаги ижроси. Лекин «Лейпциг» унинг кўмаги билан «Бавария» темпига дош берган ҳолда, юқори поғоналар учун курашишда давом этмоқда. Бунда ҳимоя яхши ишлаётгани ва 8 ўйинда атиги 3 та гол ўтказгани ҳам катта аҳамиятга эга. Агар ҳужумга ҳам шундай эътибор қаратилса, Симонснинг рақамларида ҳам яхшиланиш кузатилиши мумкин.

Жоау Невеш — марказий яримҳимоячи

  • Клуб — ПСЖ
  • Ёши — 20
  • Squawka Score — 72 фоиз

70 миллион еврога трансфер қилинган футболчида, табиийки, босим юқори бўлиши аниқ, бироқ ҳозирча португалиялик яримҳимоячи Париждаги фаолиятининг дастлабки қисмида ишончни оқламоқда. У Лига-1’да аллақачон 1 гол уриб, 6 та ассистни амалга оширди, Европада фақат нисбатан олдинроқда ўйнайдиган Букайо Сака ундан олдинда - 7 та ассист. Унинг 90 дақиқа ҳисобида яратган вазиятлари ўртача 2,05 тани ташкил этган ва бу парижликлар сафида 5-кўрсаткичдир, лекин ассистлар бўйича уларнинг ҳеч бири Жоауга яқин йўлай олмайди.

Яя Фофана — марказий яримҳимоячи

  • Клуб — «Реймс»
  • Ёши — 20
  • Squawka Score — 76 фоиз

Яна Францияга қайтамиз ва бу гал ҳам ажойиб иқтидор эгаси бўлган Яя Фофана исмли яримҳимоячи билан. 20 ёшли футболчи биттадан гол ва ассист амалга оширишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, унинг ҳисобида ҳар 90 дақиқа ҳисобига ҳужум учлигига ўртача 5,82 та узатма, алдаб ўтишлар 1,5 та ва 2,7 та муваффақиятли подкат бор.

Педри — марказий яримҳимоячи

  • Клуб — «Барселона»
  • Ёши — 21
  • Squawka Score — 73 фоиз

Педри Евро-2024 чемпионатида ҳам жароҳат олганди, бироқ у аллақачон майдонга қайтган ва 7 та ўйинда 3 та гол ҳамда битта ассист қилишга ҳам улгурди. Педри ҳужум учлигига етказиб берилган узатмалар сони бўйича «Барса»нинг исталган футболчисидан яхшироқ кўрсаткичга эгалиги (19,01 та) мухлисларни ҳайрон қолдирмаса керак. У ҳар 90 дақиқада ўртача 2,45 та хавфли вазият яратмоқда, бу борада каталонияликлар жамоасида фақат Рафинянинг кўрсаткичи яхшироқ.

«Мен ўзимни эркин ҳис қиляпман. Менимча, мураббий мендан босимсиз ўйнашим ва ўзим билган ишни майдонда намойиш этишимни сўрамоқда. Мен ўзимни жуда енгил ҳис қиляпман», — дейди Педри Флик қўл остидаги ўйини ҳақида.

Флориан Виртц — ҳужумкор яримҳимоячи

  • Клуб — «Байер»
  • Ёши — 21
  • Squawka Score — 83 фоиз

Флориан Виртцни таърифлашга ҳожат йўқ. Ўтган мавсумдаги феноменал олтин дублдан сўнг, германиялик вундеркинд янги мавсумни ҳам ўзгача иштаҳа билан бошлади. Бундеслигада 4 та гол урган яримҳимоячи Чемпионлар Лигасида ҳам 2 бор таблога ўз номини ёздириб қўйишга эришди. Шунчаки айтиш керакки, бу футболчи ўз даврининг энг яхшиларидан бири бўлиш йўлидан кетмоқда.

Элиэс Бен Сегир — ҳужумкор яримҳимоячи, вингер

  • Клуб — «Монако»
  • Ёши — 19
  • Squawka Score — 82 фоиз

Элиэс Бен Сегир бир неча мавсумдан бери монаколиклар сафида ўзини кўрсатиб келаётган бўлса-да, айнан шу мавсумда ўзини росмана вундеркинд сифатида намойиш эта бошлади. Франция 1-лигасида аллақачон 2 та гол ва 2 та ассист амалга оширди. Ҳужум учлигига бериладиган узатмалар бўйича ҳам (14,39 та) у фақат Александр Головиндангина ортда (18,79 та). Франция ёшлар тизимида шуғулланган Бен Сегир Марокаш билан жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги Замбия ва Конгога қарши учрашувларда биттадан гол ҳамда ассист қилди.

Алберто Молейро — ҳужумкор яримҳимоячи, вингер

  • Клуб — «Лас Палмас»
  • Ёши — 21
  • Squawka Score — 77 фоиз

Ла Лиганинг бу мавсумида фақат охирги турларга келиб ғалабага эришган ва турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган «Лас Палмас»нинг нурсиз ўйинлари ҳам Алберто Молейронинг ёрқин ўйинига соя сололмаяпти. Ҳужумкор яримҳимоячи жамоасининг Ла Лигада киритган голларининг учдан бир қисмига (13 тадан 4) муаллифлик қилиб турибди. Қўшимчасига, унинг ҳар ўйинда ўртача 1,84 та яратган вазиятлари ва 2,62 та муваффақиятли дриблинги жамоадошлари орасида мос равишда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаб туришини таъминламоқда.

Ламин Ямал — вингер

  • Клуб — «Барселона»
  • Ёши — 17
  • Squawka Score — 91 фоиз

Виртцни энг яхши иқтидорлардан бири дейишга сабабчи мана шу Ламин Ямал бўлади, чунки энг яхшиси — у. Ростдан ҳам, қандай қилиб бу бола 17 ёш бўлиши мумкин? Ямалнинг иқтидорига шубҳа қилганларга Евро-2024ʼда Испанияни чемпионлик сари етаклаб боришини томоша қилишга олд қаторлардан жой олиб берди. Шундан сўнг, у янги мавсумни 5 та гол ва 6 та ассист билан бошлаб ҳам олди. Чемпионлар Лигасидаги голлари ҳисобини ҳам очишга улгурган Ямал ушбу турнирда гол урган энг ёш футболчилар рейтингида Ансу Фатидан кейинги ўринга жойлашди. Шунингдек, «Реал»га қарши класикода гол урган энг ёш футболчи бўлди, бу борада ҳам Фатининг натижасини яхшилади. Ҳар ўйинда ўртача ҳисобда амалга ошираётган 3,37 та муваффақиятли дриблинги «Барселона»даги исталган жамоадошининг натижасидан яхшироқ.

Сантяго Кастро — ҳужумчи

  • Клуб — «Болоня»
  • Ёши — 20
  • Squawka Score — 74 фоиз

Шу йил январида Аргентинанинг «Велез» клубидан Италияга кўчиб ўтган футболчи аллақачон ўз йўлини топиб олишга ҳам улгурди. Жошуа Зиркзе кетганидан сўнг бўшаб қолган ҳужум чизиғини тўлдираётган футболчи А Серия жорий мавсумида 3 та гол ва битта ассист амалга оширди. Аммо 172 см бўйга эга футболчининг техник имкониятлари ҳам нидерландиялик собиқ жамоадошиникидан фарқ қилади. Мисол учун, ҳар 90 дақиқада у 1,17 та муваффақиятли дриблинг амалга оширмоқда.

Эммануэл Эмега — ҳужумчи

  • Клуб — «Страсбур»
  • Ёши — 21
  • Squawka Score — 75 фоиз

Яна Францияга қайтамиз ва бу гал Нидерландия ёшлар жамоаларида ўйновчи, 21 ёшида ўз юртидан ташқари, Белгия, Австрия ва Францияда ўйнашга улгурган футболчи учун. «Челси» ўзининг тармоқ клуби ҳисобланган «Страсбур» сафида ўтган мавсумдаги 38 та учрашувда 12 та гол ва 3 та ассист қайд этган футболчига қизиқиш билдирмоқда. «Штурм Граз» сафидан французлар клубига келиб қўшилган футболчи ҳар 90 дақиқада амалга оширилаётган аниқ зарбалар сони (1,97) бўйича Лига-1’да фақат Усмон Дембеле ва Жонатан Роудан ортда бормоқда, холос.

Squawka сайтидан Абдулбасит Валихонов таржимаси

Мавзуга оид