Иқтисодиёт | 18:28 / 01.11.2024
10197
4 дақиқада ўқилади

Дори-дармонга 15,5 триллион сўм — ўзбекистонликлар нималарга энг кўп харажат қилмоқда?

2024 йилда онлайн назорат-касса машиналари энг кўп озиқ-овқат маҳсулотлари учун чек берган бўлса, кейинги ўринда дори воситалари турибди. Ўзбекистонликлар сотиб олган 1,2 миллиард долларлик дори воситаларининг 78 фоизи хорижий маҳсулотлар ҳисобланади. Озиқ-овқат ва дорилардан сўнг энг кўп чек — метан гази учун берилган.

30 октябр куни Тошкентда маълумотларни бошқариш мавзусида конференция бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири хабар беришича, тадбирда Солиқ қўмитаси фаолиятида маълумотларни жамлаш ва фойдаланиш соҳасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, онлайн назорат-касса машиналарининг автоматлаштирилган ахборот тизими доирасида тўпланаётган маълумотлар кўлами кўрсатилди. Унда маълум вақт оралиғида қайси маҳсулот қай миқдорда сотилганини кўриш мумкин.

ОНКМ автоматлаштирилган ахборот тизимидаги маълумотларга кўра, 2024 йил октябр ойига қадар 2,1 миллиард донадан ортиқ чек берилган. Бу чеклар тушуми 251 триллион 497 миллиард сўмдан ошади – қарийб 19,7 миллиард доллар.

1-жадвал

Тақдимотда энг кўп сотилаётган маҳсулот ва хизматлар, шунингдек, фаолият турлари бўйича тушум кўрсатилган.

Фаолият турлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари (652 мингта), транспорт хизматлари (230 мингта) ҳамда фармацевтика маҳсулотлари (199 мингта) учун энг кўп чеклар берилган. Сотилган товар ва хизматлар борасидаги энг кўп чеклар эса — транспорт хизматлари (247 мингта), алкоголсиз ичимликлар (205 мингта) ҳамда дори воситалари (190 мингта) учун берилган.

Агар чек суммалари борасида ҳисоб-китоб қилинса (яшириб қўйилган бўлса-да, жадвалдаги ўринлар чекларнинг умумий суммаси асосида тартиблангани кўриниб турибди), ўзбекистонликлар пулини биринчи навбатда озиқ-овқат маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар учун сарфлаётганини кўрсатмоқда.

Иккала устунда ҳам иккинчи ўринда энг кўп сарфланаётган пуллар дори воситалари (фармацевтика маҳсулотлари) эканини кўриш мумкин.

ОНКМ чекларидаги яна бир ҳолат эътиборга молик. Сотилган маҳсулотлардаги чек суммалари бўйича ўзбекистонликлар озиқ-овқат ва дори воситаларидан кейин энг кўп метан гази учун пул тўлаяпти.

Сотилган дори воситалари сарфланган пул миқдори – 15 триллион 512 миллиард 910 миллион сўмдан (тақрибан 1,2 миллиард доллар) ошади. Дориларнинг 22 фоизи – 3 триллион 280 миллиард сўмлик маҳаллий маҳсулот бўлса, 78 фоизи – 12 триллион 232 миллиард сўмлик хорижий маҳсулотлар ҳисобланади.

2-жадвал

2024 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистонда сотилган дорилар аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 421 минг сўмдан тушмоқда. Сотиб олинган дори маҳсулотлари суммаси бўйича ҳудудлар миқёсида энг йирик тўловлар Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Соддароқ қилиб тушунтирсак, Тошкент шаҳрида 2024 йилнинг 10 ойи давомида сотиб олинган жами дори воситаларининг суммаси пойтахт аҳолисига бўлинса, бир кишига 1 миллион 387 мингдан тўғри келмоқда. Бу ўринда Тошкентда энг йирик шифохоналар борлиги ҳамда бутун республика бўйича миллионлаб аҳоли пойтахтга келиб даволанишга мажбур бўлишини ҳисобга олиш керак. Шу ҳолат ҳам Тошкентда дори воситаларининг савдоси бошқа ҳудудлардан кескин фарқ қилишига асосий сабаблардан бири ҳисобланади.

Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам ушбу даврда дори-дармон савдоси аҳоли жон бошига ҳисоблаганда юқори – 500 минг сўмдан ошади. Қолган ҳудудларда суммалар ўхшаш 200 мингдан 380 минг сўмгача. Ҳисобот органи маълумотларига кўра, жами 7 ҳудудда аҳоли жон бошига дорилар учун сарфланаётган сумма БҲМдан ошади.

3-жадвал

Энг кўп сотилаётган дори воситалари — юрак-қон томир, инфекцион ва асаб тизими касалликлари ҳамда оғриқ қолдирувчи воситалар гуруҳига кириши қайд этилган. Шунингдек, ҳудудларда асосан қайси турдаги касалликларга қарши дори воситалари кўпроқ сотилаётгани ҳам кўрсатилган.

Мавзуга оид