Жаҳон | 17:51 / 01.11.2024
10442
8 дақиқада ўқилади

“Ҳиндистон ва покистонликларга нисбатан ксенофобия кузатилган”. Қирғизистонда хорижлик талабалар хуш кўрилмаяптими?

Қирғизистон Ҳиндистон ва Покистондан келган талабалар учун “таълим ҳаби”га айланганди. Лекин жорий ўқув йилида вазият кескин ўзгарди. Бунга Бишкекдаги май можаролари сабаб бўлди.

Фото: mvd.gov.kg

2022 йилда Қирғизистон хорижий талабалар сони бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Ўтган ўқув йилида мамлакат олий таълим муассасаларида 29 мингга яқин хорижий талаба таҳсил олган. Улар асосан Ҳиндистон ва Покистондан келган бўлиб, республикада тиббиёт соҳасида билим олади. Бироқ жорий ўқув йилида талабалар сони камайишидан жиддий хавотирлар мавжуд — бунга 2024 йил май ойида Бишкекда содир бўлган тартибсизликлар ва улар оқибатида ўттизга яқин хорижликнинг яраланиши сабаб бўлмоқда, дея таъкидланади Deutsche Welle мақоласида.

Воқеадан сўнг Қирғизистон ҳукумати хорижликлар хавфсизлигини таъминлашни ўз назоратига олишини маълум қилганди. Қирғизистон президенти имзолаган фармонга кўра, олий таълим муассасалари раҳбарлари бошқа давлатлардан келган талабалар учун шахсан жавобгар бўлади. Шунингдек, Республика Жиноят кодексига чет эл фуқароларига зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу чора-тадбирлар қанчалик самара бериши ҳақида ҳозирча бир нарса дейиш қийин.

Мигрантлар интеграцияси муаммоси

Май ойидаги тартибсизликлардан кейин чет эл фуқароларига ёрдам бериш учун биринчилардан бўлиб кўнгиллилар ҳаракатини ташкил этган тиббиёт университети ўқитувчиси Перизат Анарбекова ўша воқеаларда асосан покистонлик ва ҳиндистонлик талабалар жабр кўрганини эслайди: “У ерда талабаларим бор эди, улар менга видео юборишди, ёрдам сўраб, ҳимоя сўраб”.

Унинг фикрича, можаро узоқ вақтдан бери етилаётган муаммони юзага чиқарган: “Талабалар калтакланган, уларнинг телефонлари тортиб олинган... Лекин бундан олдин ҳам бизда Ҳиндистон ва Покистондан келган меҳмонларга нисбатан ксенофобия ҳолатлари кузатилганди”.

Анарбекова буни Бишкекнинг айрим туманларида чет элликлар кўпайгани билан боғлайди, улар орасида нафақат талабалар, балки Қирғизистонга ишчи визасиз келиб, ноқонуний ишга жойлашадиганлар ҳам бор. Бу эса маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Перизат Анарбекованинг фикрича, айниқса, покистонликлар ва ҳиндистонликлар учун юзага келаётган муаммоларнинг асосий сабаби тил: “Масалан, турклар билан муаммо йўқ, улар учун қирғиз тилини ўрганиш осон бўлади. Рус тилида сўзлашувчилар билан ҳам шундай. Биз 70 йил давомида Совет Иттифоқининг бир қисми бўлганмиз, рус тилини биламиз, шу сабабли русларда ҳам интеграция билан боғлиқ муаммолар йўқ... Муаммо шундаки, бизда инглиз тилини биладиганлар кам, чет эллик талабалар эса на қирғизча, на русча гаплаша олади. Натижада, улар учун жамиятга қўшилиш, мулоқот ўрнатиш, маҳаллий аҳоли орасидан дўстлар топиш қийинчилик туғдиради”.

Ҳиндистон ва Покистонда Қирғизистон ОТМлари рейтинги

Норасмий маълумотларга кўра, айнан май ойидаги тартибсизликлар сабабли Ҳиндистон ва Покистонда қирғиз тиббиёт олий ўқув юртлари рейтинги сезиларли даражада ўзгарган: илгари Қирғизистон талабаларни жалб қилиш бўйича биринчи ўринни эгаллаб келган бўлса, бу йил Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистондан кейин тўртинчи ўринга тушиб қолди. Бу ҳақда Қирғизистон олий ўқув юртлари вакиллари DW нашрига маълум қилди.

Қирғизистон халқаро университети Халқаро тиббиёт мактаби ректори, тиббиёт фанлари доктори Асилбек Айдаралиевнинг айтишича, май погромларидан олдин университетда 2800 нафар хорижлик талаба таҳсил олган, энди бўлса 2300 нафари қолган. Ректор мамлакат тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хорижий талабалар сони янги ўқув йилида янада камайиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Унинг сўзларига кўра, покистонлик ва ҳиндистонлик талабаларнинг тиббий таълимга талаби камайган. “Энг ёмон ҳолатда ўқув дастури ва бюджетни қайта кўриб чиқишга тўғри келади, бу штатлар қисқаришига олиб келиши мумкин”, — дейди Айдаралиев.

“Ёмон одамлар бор, ёмон миллат йўқ”

Покистонлик талаба Шаҳруз Хон шу йилнинг кузида Бишкекка қайтган талабалардан бири. У яқинлари уни ортга қайтмасликка ундашгани ҳақида айтиб берди. Бироқ талаба университетни ташламасликка қарор қилган, чунки Қирғизистондаги ўқишини тугатишга атиги бир ярим йил қолганди.

Бундан ташқари, у рус тилида бемалол гапиради, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилади ва дўстлар орттиради. Шаҳруз тартибсизликлар ҳақида покистонлик дўстларидан эшитган — у хунрезликлар содир бўлган ётоқхонада эмас, хусусий квартирада яшайди. Ўша кунларда қўшнилари унга озиқ-овқат сотиб олиб беришган, уни босқинчилардан ҳимоя қилишга тайёр туришган. “Ёмон одамлар бор, ёмон миллат эмас”, — дейди Шаҳруз.

Фотима Хур ҳам Покистондан, у Бишкекдаги тиббиёт университетларидан бирида таҳсил олади. Унинг айтишича, айрим талабалар ота-оналарининг қаттиқ хавотири сабаб ўқишга қайтмаган. Қиз ўзининг ота-онаси ҳам қўрққанини айтди, аммо улар барибир таълимни муҳим деб ҳисоблаб, унинг қайтишига тўсқинлик қилмаган. Бундан ташқари, қизнинг ўқишига анчагина маблағ сарфланганди.

Фотиманинг айтишича, тартибсизликлардан сўнг Қирғизистон ҳукумати вакиллари хорижий талабалар ётоқхонасига ташриф буюриб, уларнинг хавфсизлиги таъминланишига ишонтирган. У вазият яхшиланишига умид қилмоқда: “Эндиликда маҳаллий аҳоли чет элликлар ёки хорижий талабаларга зарар етказилса, бу жиддий оқибатларга олиб келишини тушунади”.

Фотимадан фарқли ўлароқ, 2024 йилнинг ёзида пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бирида ўқишни тамомлаган ҳиндистонлик талаба Випиннинг фикрича, вазият унчалик ўзгармаган, хорижий талабалар бундан кейин ҳам муаммоларга дуч келади. Муваффақиятли интеграция учун чет эллик талабалар биринчи навбатда тилни ўрганиши керак, дея у ўз тажрибасини мисол қилиб келтирди. Бишкекка келгач, Випин дарҳол рус тилини ўрганишга киришган, бу унга маҳаллий талабалар билан танишиш ва дўстлашиш имконини берди.

Қирғизистон мигрантларни қабул қилувчи мамлакатга айланмоқда

2024 йил сентябр ойида Халқаро миграция ташкилоти веб-сайтида “Қирғизистондаги хорижий талабаларга нисбатан мавжуд ғаразлар ва хулқ-атвор амалиётлари таҳлили” номли тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Ташкилотнинг Қирғизистондаги медиа ва коммуникациялар бўйича мутахассиси Зулайка Есентаеванинг сўзларига кўра, бундай тадқиқот ўтказиш зарурати сўнгги йилларда Қирғизистонда чет эллик муҳожирлар, айниқса, чет эллик талабалар сонининг кўпайиши билан боғлиқ.

“Гап шундаки, Қирғизистон ҳар доим муҳожирларни хорижга жўнатувчи мамлакат ҳисобланган, яъни доим меҳнат муҳожирларини асосан Россияга юборганмиз... Ҳозирги кунда Қирғизистон ҳам қабул қилувчи мамлакатга айланмоқда. Бу асосан таълим муҳожирлиги: юртимизга Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, ва албатта, МДҲ давлатларидан талабалар келишмоқда”, — дея изоҳ берди у.

Тадқиқот натижаларига кўра, Бишкек ва Ўшдаги сўровда қатнашган маҳаллий аҳолининг аксарияти (77 фоиз) чет эллик талабалардан хавотирланмайди. Бироқ Қирғизистоннинг миграция сиёсати ҳаддан ташқари кўп муҳожирлар кириб келишига йўл қўймоқда деб ҳисобловчи респондентлар улуши 2023 йилдаги 26 фоиздан 2024 йилда 34 фоизгача кўтарилган. Сўровда қатнашганларнинг аксарияти чет эллик талабалар уларнинг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

“Умуман олганда, тадқиқот Қирғизистоннинг икки йирик шаҳрида маҳаллий аҳолининг иммиграцияга ижобий муносабати пасайиб бораётганини кўрсатувчи салбий, бироқ яққол ифодаланмаган тенденцияни кўрсатмоқда. Бу тенденция 2024 йил майда Бишкекда маҳаллий ёшлар ва чет эллик талабалар ўртасидаги тўқнашувларда акс этди”, — дейилади тадқиқотда.

Мавзуга оид