Жаҳон | 13:59 / 01.11.2024
6827
8 дақиқада ўқилади

Ливанда оташкесим келишуви, Исроилнинг йўқотишлари ва Зеленский КХДР аскарлари ҳақида — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода Исроил оккупацион армиясининг ҳужумлари натижасида яна тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлмоқда. Ғазо секторидаги учта уйга ҳужум қилиниши натижасида 20 га яқин инсон, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. 40 дан ортиқ инсон жароҳатланган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси “Анадолу” агентлиги мухбирига берган маълумотларга кўра, Исроил армияси Ғазонинг марказий қисмидаги Нусайрат қочқинлар лагеридаги иккита уйга ҳам ҳужум уюштирган. Ҳужум натижасида 16 нафар фаластинлик қурбон бўлган. Улар орасида ёш болалар ҳам бор. 30 дан ортиқ инсон жароҳатланган.

Нусайрат қочқинлар лагеридаги Ал-Авда шифохонаси маъмуриятининг баёнотида хабар қилинишича, лагернинг шимолидаги айрим уйларга қилинган ҳужум натижасида ҳалок бўлганларнинг жасадлари ва яраланганлар шифохонага келтирилган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси маълумотларига кўра, қамал қилинган эксклавда урушнинг 391-кунига келиб ҳалок бўлганлар сони 43 минг 204 кишига, ярадорлар 101 минг 641 кишига етган. Сўнгги сутка ичида Исроил армияси Ғазода 6 та оммавий қирғин ўтказган. 41 киши ҳалок бўлган, 131 киши яраланган.

Ливандаги вазият

Ливаннинг жанубида жойлашган Баалбек шаҳрига берилган Исроил авиазарбалари натижасида 7 киши ҳалок бўлгани, 14 киши яралангани хабар қилинмоқда.

Ливаннинг расмий NNA ахборот агентлигининг хабар беришича, Исроил ҳарбий самолётлари Баалбек ҳамда унга яқин ва асосан туркманлар истиқомат қиладиган Макне ва Дурис шаҳарчаларига 5 марта авиазарбалар берган.

Исроил икки кун ичида Баалбек ва унинг ён-атрофидаги катта ҳудудда эвакуацияни амалга ошириш ҳақида огоҳлантириш эълон қилган, бироқ Макнега эвакуация тўғрисида огоҳлантирмасдан ҳужум уюштирган. Бу ҳужум натижасида 6 киши ҳалок бўлган ва 6 киши яраланган.

Баалбекда эса 1 нафар аёл ўлдирилган ва 5 киши яраланган. Дурисда қурбонлар йўқ, бироқ уч киши яраланган.

Ливанга агрессия бошланганидан буён ҳалок бўлган ливанликлар сони 2822 нафарга етди. 12 минг 937 киши яраланган. Сўнгги сутка ичида Исроил ҳужумлари натижасида 30 киши қурбон бўлди ва 165 киши яраланди.

Ливанда оташкесим музокаралари

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида ўт очишни тўхтатиш борасидаги музокараларда сўнгги 24 соат ичида муҳим силжишлар юз берган. Бу ҳақда Axios портали америкалик мулозимларга таяниб хабар бермоқда.

Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида бир йилдан зиёд давом этаётган ҳарбий тўқнашувларга якун ясар ва Яқин Шарқдаги минтақавий урушнинг сўнишига хизмат қиларди.

Мулозимлардан бирининг айтишича, АҚШ президентининг маслаҳатчиси Амос Ҳоҳшейтннинг Байрутга ўтган ҳафтадаги ташрифи келишувга эришиш сари катта қадам бўлган.

«Биз ҳамон музокара жараёнидамиз, бироқ сўнгги 24 соат ичида тинчлик сари катта қадам ташланди», — деган мулозим.

Аввалроқ Ливан бош вазири Нажиб Мийқотий Ливан ҳукумати Исроил агрессиясини тўхтатиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилишини таъкидлаган эди.

Бу орада Ливан ҳудудининг 1/3 қисми Исроилнинг эвакуация тўғрисидаги буйруғи остида экани маълум бўлди.

Исроил Ливаннинг шимолий шарқий қисмидаги Баалбек, Айн-Бурдей ва Дурис аҳоли пунктларидан 400 минг ливанликни мажбурий кўчиришга буйруқ берган ва бу ҳудудларни харитада қизил ранг билан белгилаган.

Бу Исроил бу қадар катта ҳудудга таҳдид солаётган илк ҳолат. Аҳолини эвакуация қилиш учун учта йўл белгилаб берилган.

Исроилнинг йўқотишлари

Исроилнинг ҳарбий йўқотишлари ҳам ортиб бормоқда. Мамлакатдаги мухолифат расмий маълумотларга ишонмаяпти.

Сўнгги ҳафта ичида Исроил армияси Ғазо ва Ливанда ўзининг 154 нафар аскаридан айрилган. Уларнинг 15 нафари ўлган, 139 нафари жангларда ярадор бўлган.

Исроил 2024 йилда энг қонли йўқотишларга бой ойни бошдан кечирди. Октябр ойи бошидан буён ЦАҲАЛнинг камида 62 аскари ўлдирилган, яна 910 нафари яраланган. Бу ўтган ойни 2023 йилнинг декабридан буён энг қонли ойга айлантиради: ўшанда ҲАМАСга қарши жангларда ЦАҲАЛнинг 110 нафар аскари ўлдирилган эди.

Октябрда ўлган 62 аскардан 35 нафари Ливан жанубида ҳалок бўлган. «Ҳизбуллоҳ» эса сўнгги ойда душманнинг камида 90 нафар аскари йўқ қилинганини таъкидлайди.

Шундай қилиб, ҳалок бўлган Исроил аскарларининг эълон қилишга из берилган сони 777 кишига етган, ярадорлар сони эса 5221 кишини ташкил этмоқда.

Исроил ҳарбий идорасининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг октябридан буён урушда иштирок этган 12 мингдан ортиқ аскар даволаниш курсини ўтамоқда.

Исроил армияси ҳарбий цензура туфайли юқори мартабали ҳарбийлар ўртасидаги йўқотишларни яшириб келаётгани гумон қилинади. Аввалроқ мухолифат етакчиси Яир Лапид 12-каналга берган интервюсида 890 киши ўлгани, 11 мингдан зиёд аскар яраланганини сўзлаган эди.

Зеленский КХДР аскарлари ҳақида

«Россия Федерацияси разведка даражасида ғарб давлатларига Шимолий Корея Украинага қарши урушга жалб қилинганини маълум қилиб бўлди», — деган Украина президенти Володимир Зеленский.

Россия Шимолий Кореянинг 8 минг аскарини Курск областига чегарасига келтирганини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам тасдиқлаган.

«Биз ҳозирча бу қўшинлар Украина қуролли кучларига қарши урушда иштирок этаётганига бевосита гувоҳ бўлганимиз йўқ, лекин кутилмамизга кўра, бу яқин кунлар ичида рўй беради», — деган Блинкен.

«Шубҳасиз, бу инсонлар ҳалок бўлишади», — деган Зеленский жангга ташланаётган шимолий кореялик аскарлар ҳақида.

Шунингдек, Зеленский яқин кунлар ичида Жанубий Кореяга Украинага қурол-яроғ етказиб бериш бўйича «катта талабнома» жўнатишини ҳам айтиб ўтди.

Володимир Зеленский КХДР раҳбари Ким Чен Инни ҳибсга олиш ордери бўйича Халқаро жиноий судга мурожаат қилиши мумкинлигини таъкидлади.

«КХДР армияси Украина фуқароларига қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганидан кейин қарор қабул қиламиз. Аммо агар Жанубий Корея бизнинг йўлимизни қўллаб-қувватласа, менимча, иттифоқчиларимиз билан биргаликда тегишли чораларни кўришга тайёрмиз», — деди Зеленский.

Трампнинг АҚШ сайловларида ғалаба қозониши эҳтимоли юзасидан фикр билдирар экан, Зеленский шундай деди:

«Агар Трамп ғалаба қозонса ва урушни тўхтатиш учун Украинани ўз ҳудудларидан воз кечишга мажбурласа, унинг бу талаби иш бермайди», — деган Зеленский.

Хитойда демографик инқироз

Хитойда туғилиш кўрсаткичи рекорд даражада пасайган. Йиллар давомида туғилишни қаттиқ назорат қилиб келган Хитой ҳукумати энди аёлларни фарзанд кўришга ундай бошлади.

Махсус операторлар хитойлик аёлларга қўнғироқ қилиб: «Ҳомиладормисиз?» деб сўрашади. Агар аёл «йўқ» деб жавоб берса, ундан «бу ҳақда ўйлаб кўришни» илтимос қилади.

Кетма-кет икки йил давомида Хитой аҳолисининг сони камайиб бормоқда. 2023 йилда туғилиш даражаси энг паст кўрсаткичга етди.

Аввалроқ Хитой хорижликларга мамлакатдаги болаларни фарзандликка бериш дастурини тўхтатган эди.

1990 йиллар бошидан бери Хитой ўн минглаб болаларни хорижга фарзандликка берган, уларнинг қарийб ярми АҚШга юборилган. Бу воқеалар «бир бола» сиёсати шароитида юз берди. 1979 йилдан 2015 йилгача амал қилган ушбу сиёсат туфайли кўплаб хитойлик оилалар ўз фарзандларидан, айниқса қизлардан ва ногиронлиги бўлган чақалоқлардан воз кечишга мажбур бўлган.

Энди эса Хитойнинг бу сиёсати аслида нотўғри бўлгани юзага чиқмоқда. Мамлакат аҳолиси шиддат билан қариб бормоқда. Туғилишлар эса дунёдан ўтаётган қарияларнинг ўрнини қоплай олмаяпти: аҳоли қисқармоқда.

Мавзуга оид