Жаҳон | 12:10 / 01.11.2024
1258
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Euroclear'га Россия активларидан фойдаланишга рухсат бериши мумкин

Euroclear'нинг Россия Федерациясидаги даъволари бўйича мажбуриятларини қоплаш учун Россия активларининг бир қисмини тўғридан тўғри ишлатиш «харажат жиҳатидан самаралироқ» бўлади, дейди Politico суҳбатдошлари.

Фото: AP

Еврокомиссия Euroclear депозитарийсига Россиянинг музлатилган активларидан G7'нинг Украинага кредитини Москванинг эҳтимолий жавобидан ҳимоя қилиш учун фойдаланишига рухсат бериш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда 31 октябр, пайшанба куни Politico нашри исм-шарифлари ошкор этилмаган уч амалдорга таяниб хабар берди.

Уларнинг сўзларига кўра, бу ташаббус Москва Украинада бошлаган уруш туфайли жорий этилган санкциялар натижасида музлатилган Россия активларини сақлайдиган Euroclear'даги эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун охирги чора сифатида кўрилмоқда. Ушбу чора тарафдорларининг таъкидлашича, у илгари тасдиқланган кўп томонлама схемани «мустаҳкамлайди», яъни музлатилган Россия активларидаги 200 миллиард еврога яқин маблағни Украинага берилган 45 миллиард евролик кредитни қайтариш учун ишлатишни назарда тутади.

Силуанов: РФ музлатилган активлардан фойдаланиш бўйича Ғарбга жавоб қайтаришга тайёр

Россия молия вазири Антон Силуанов Европа давлатларида музлатилган Россия активларидан олинган даромадлардан фойдаланиш борасида Ғарбга бир хил жавоб қайтарилишига ваъда берди.

«Агар Ғарб давлатлари Россия Федерациясининг музлатилган олтин-валюта захираларидан тушган даромаддан фойдалана бошласа, биз ҳам худди шундай қиламиз. Биз дўст бўлмаган компаниялар ва ташкилотларнинг пулларини музлатиб қўйдик. Шунингдек, биз бу пулни ўз ҳисобимизда сақлаймиз ва ушбу активлардан, ушбу ресурслардан фойдаланишдан олинган даромадларни худди шундай тарзда ишлатамиз. Уларни иқтисодиёт эҳтиёжларига, Россия Федерацияси субъектларининг эҳтиёжларига йўналтирамиз», — деди Силуанов «Россия-24» телеканалига берган изоҳида.

«Айтишим мумкинки, бундай қарорлар аллақачон амалга оширилмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Украина Молия вазирлиги раҳбари Сергей Марченко билан келишув имзолаш маросимида G7 Украинага жорий йил охиригача 50 миллиард доллар кредит ажратиш мажбуриятини олганини айтган эди. АҚШ эса бу давлатга 20 миллиард доллар ажратмоқчи. Унинг сўзларига кўра, қарзларни музлатиб қўйилган Россия активлари ҳисобидан тўлаш режалаштирилган.

Мавзуга оид