Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бразилияда катталиги чумолидай келадиган қурбақа топилди
Унда айрим ички аъзолар, хусусан, қулоғининг бир қисми йўқ.
Олимлар энг кичик умуртқали мавжудотлардан бирини аниқлади. Бақанинг ўлчами 6,95 миллиметр бўлиб, айрим чумоли турларидан кичикроқ, деб хабар берди The New York Times.
Бразилиянинг Кампинас университети герпетологи Луис Фелипе Толедо ва унинг ҳамкасблари қурбақани Dacnis табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаси шарафига Brachycephalus dacnis деб номлади.
Толедо миниатюра қурбақанинг мавжудлигини илк бор ҳамкасби Бразилиянинг Атлантика ўрмонларида йиғилган кичик қурбақалар овозининг аудиосини юборганида пайқаб қолган.
Аудиоларни эшитган Толедо қандайдир янги нарсага дуч келганини тушунган.
“О, бу иккита алоҳида тур-ку”, — деб эслайди у ўз реакциясини.
Бразилия ўрмонларида Brachycephalus туркумига мансуб бақалар кўп. Улар ўз ўлчамларидан 30 баравар катта масофага сакраш қобилиятига эга, шунинг учун улар кўпинча “бурга қурбақалар” деб аталади.
Brachycephalus турларининг барчаси жуда кичик ўлчамга эга, шу сабабдан уларни фақат ташқи кўринишига қараб фарқлаш қийин. Аммо олимлар ҳар бир турнинг ўзига хос овози борлигини аниқлади. Бу овоз урғочиларга тўғри эркак бақани танлашда ёрдам беради.
Янги тухумдан чиққан қурбақанинг товушлари юмшоқ, қисқа нотали ва кўпроқ чигиртка овозига ўхшаш бўлади. ДНК тестлари Brachycephalus dacnis бошқа турлардан генетик жиҳатдан фарқ қилишини тасдиқлади.
Толедо жамоаси бундай кичик ўлчам бақанинг тузилишига қандай таъсир қилишини билиш учун уни батафсил сканерлади. Турнинг олдинги оёқларида атиги иккита, орқа оёқларида эса учта бармоғи бор, баъзи ички аъзолари, хусусан, қулоғининг бир қисми йўқ.
Оддий қурбақалардан фарқли ўлароқ, Brachycephalus dacnis амфибияларга хос метаморфоз босқичидан ўтмайди. У бир циклда фақат иккита тухум қўяди ва улардан итбалиқлар эмас, балки тўлиқ шаклланган қурбақачалар чиқади.
“Митти ўлчами туфайли бақалар чумоли ва ўргимчаклар сингари майда йиртқичлар учун ўлжа бўлса-да, уларда бошқа бақалардан яхшироқ яшаш имкони мавжуд. Масалан, улар катта бақалар етиб бора олмайдиган озиқ-овқатга бой жойларда яшай олади”, — деди Австралия музейи олими Жоди Роули.
Топилма фанга маълум бўлган еттинчи “бурга бақа”, дунёдаги иккинчи энг кичик умуртқалига айланди. Ҳозирда энг кичик умуртқали ҳайвон Brachycephalus туркумига мансуб 6,5 миллиметрли бошқа бақа бўлиб қолмоқда.
“Дунёда ҳали кўплаб номаълум миниатюра бақалар мавжуд”, — деди Дания Миллий музейи герпетология куратори Марк Шерс.
Мавзуга оид
14:45 / 22.05.2025
NYT: Россия Бразилиядан «жосуслар фабрикаси» сифатида фойдаланган
20:37 / 12.05.2025
Карло Анчелотти Бразилия миллий жамоасига бош мураббий бўлди
10:40 / 05.05.2025
Бразилия полицияси Леди Гага концертидаги терактнинг олдини олди
19:37 / 01.05.2025