Лавров Туркияни Украинага қурол етказиб бергани учун танқид қилди
Анқара «ҳарбий можарони ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёр, бироқ Киевга «россиялик ҳарбий хизматчиларни ўлдириш учун» қурол етказиб беришда давом этмоқда», деди Россия ташқи ишлар вазири Туркиянинг Hurriyet газетасига берган интервюсида.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркияни Украинага қурол етказиб бергани учун танқид қилди. «Афсуски, Анқара «Киев режими» билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорликни давом эттирмоқда, турк қуроллари Украина Қуролли кучлари томонидан россиялик ҳарбий хизматчилар ва тинч аҳоли вакилларини ўлдиришда қўлланмоқда», — деди Лавров 1 ноябр, жума куни Туркиянинг Hurriyet газетасига берган интервюсида.
Унинг фикрича, Туркиянинг бундай ҳаракатлари Украинадаги «ҳарбий можаро»ни ҳал этишда воситачилик қилишга тайёрлигига зид келади. Шу билан бирга, у Россия Федерацияси «Туркиянинг Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини» таъкидлади ва 2022 йил баҳорида Истанбулда бўлиб ўтган музокараларни, шунингдек, Украинадан ғалла экспорти бўйича келишувни эслади.
Эрдўған РФга «ғалла битими»ни давом эттириш бўйича ҳужжатларни топширди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия томонига «дон келишуви»ни давом эттириш имконияти ҳақидаги ҳужжатни топширди, деди Россия президенти Владимир Путин 25 октябр куни «60 минут» дастурига берган интервюсида.
«Энди биз кеча учрашган жаноб Эрдўған Қора денгиздаги юк ташиш ва бошқа баъзи масалалар бўйича алоқаларни давом эттириш бўйича бу таклифларини яна бир бор янгилади», — деди Путин.
«Келажакда бундай уринишнинг такрорланишини муҳокама қилиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси ҳозирда бизнинг тегишли идораларимиз ва мутахассисларимиз томонидан ўрганилмоқда», — деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.
Қора денгиздаги дон ташаббусини қайта тиклаш имконияти ҳақида тўғридан тўғри сўралганда, Песков «аввалги тажриба унчалик муваффақиятли бўлмаганини» ва Москва нуқтайи назаридан келишув «ишламаганини» айтди.
Мавзуга оид
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
15:30 / 04.11.2024
Лавров: Зеленскийнинг «режаси» ва «формуласи» Европани тинчликка яқинлаштирмайди
09:50 / 04.11.2024
Туркия ТИВ раҳбари: Украина яхлитлиги тинчликнинг шартидир
12:50 / 02.11.2024