Жаҳон | 22:37 / 04.11.2024
2052
2 дақиқада ўқилади

Япония ҳарбий алоқа сунъий йўлдошини орбитага чиқарди

DSN 3 номли аппарат Япония Мудофаа вазирлигига тегишли сунъий йўлдош бўлиб, у ҳарбий ва разведка операциялари учун Х-диапазон алоқадан фойдаланади.

Фото: AP

Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) DSN 3 номли ҳарбий алоқа сунъий йўлдошини орбитага чиқарганини маълум қилди. Сунъий йўлдош Кагосима префектурасидаги Танэгасима космодромидан H3-22S ташувчи ракетаси ёрдамида учирилган.

Қайд этилишича, ракета Токио вақти билан соат 15:48 да старт олган. Орадан 30 дақиқа ўтгач, оғирлиги тўрт тоннага етадиган аппарат орбитага чиқарилган. Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли парвоз бир неча бор қолдирилган эди.

DSN 3 — Япония Мудофаа вазирлигига тегишли сунъий йўлдош бўлиб, у ҳарбий ва разведка операциялари учун Х-диапазон алоқадан фойдаланади, жумладан, Шимолий Кореянинг ракета фаоллигига оид маълумотларни тўплайди. DSN 3 Х-диапазон сунъий йўлдошларнинг янги модели ҳисобланади ва об-ҳавога чидамлилиги билан олдинги иккита моделни тўлдиради.

H3-22S — Япониядаги энг йирик ташувчи ракета. У 4 тоннадан 6,5 тоннагача юкни орбитага олиб чиқишга қодир. Ракетани яратиш устидаги ишлар 2013 йилда бошланган эди. Уни яратиш учун Mitsubishi Heavy Industries компанияси 1,32 миллиард доллар сарфлаган.

Сентябр охирларида Япониянинг IGS Radar 8 разведка сунъий йўлдоши ўрнатилган ўрта синфга кирувчи H-IIA ташувчи ракетасини орбитага учирганди. Космик аппарат Япониянинг Information Gathering Satellite (IGS) давлат дастури доирасида, сунъий йўлдошдан олинган ўзининг разведка маълумотларига эга бўлиш учун орбитага учирилган. Лойиҳа устидаги ишлар 1998 йилда Шимолий Корея ракеталари синовига жавоб тарзида бошланган.

Мавзуга оид