Мудофаа «яшил энергетика»га қарши: Швеция 13 та шамол генератори қурилишига рухсат бермади
Мамлакат мудофаа вазирининг маълум қилишича, шамол электр станциялари можаро ҳолатида Patriot’лар орқали ракеталарни аниқлаш ва уларни уриб туширишга халақит беради.

Фото: Getty Images
Швеция хавфсизлик нуқтаи назаридан Болтиқ денгизида 13 та шамол станциясини қуришга рухсат бермади. Ҳукумат 4 ноябр куни 14 та шамол электр станцияларини қуриш бўйича қарор қабул қилган бўлиб, улардан фақат биттаси рухсат олишга муваффақ бўлган.
Шамол фермаларини Аланд оролларига қуриш режалаштирилган эди. Мамлакат ҳукумати Болтиқ денгизида мазкур объектларнинг қурилиши Швеция мудофааси учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Бундан олдин ҳукумат ғарбий соҳилда иккита денгиз шамол электр станциясини қуришга рухсат берган: Жанубий Каттегат ва Галенда. Энди ғарбий соҳилдаги Стенунгсунд шаҳрида ҳам Poseidon шамол электр станциясини қуриш маъқулланди — у ерга 81 та шамол турбина ўрнатилади.
Швеция мудофаа вазири Пол Йонсоннинг маълум қилишича, шамол электр станциялари можаро ҳолатида Patriot’лар орқали ракеталарни аниқлаш ва уларни уриб туширишга халақит беради.
Poseidon — оффшор шамол электр станцияларини қуриш бўйича учинчи лойиҳа бўлиб, унга 2022 йилда рухсат берилган. Яна 10 та шу каби ариза ҳукумат қарорини кутмоқда.
«Бу каби қурилишларнинг рад этилиши кўплаб саволларни юзага келтиради. Масалан, Швеция кейинги 20 йилда электр энергияси ишлаб чиқаришни икки баробарга ошириш бўйича режаларини қандай уддалайди?» — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Швеция ҳукумати юқоридаги мақсадларга эришиш учун атом энергетикасини ривожлантириши мумкин.
Мавзуга оид

00:42 / 13.05.2025
Швецияда тухумни қизининг пешонасига уриб чаққан аёл жаримага тортилди

21:20 / 10.05.2025
Швеция электромобилларни қувватлантирадиган йўлларни қуради

22:46 / 03.05.2025
Швеция мигрантларга ватанига қайтиши учун 32 минг евро тўлайди

22:40 / 17.04.2025