Жаҳон | 15:35 / 05.11.2024
13838
5 дақиқада ўқилади

Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик 5 йилга қамалди

Танишининг таклифи билан новвойчилик қилиш мақсадида Санкт-Петербург шаҳрига борган эркак Россия армиясига ёлланган. У кетаётган ҳарбий юк машина Луҳанск ҳудудида дрон ҳужумига учраган ва бунинг оқибатида оғир яраланган ўзбекистонлик бир ойдан сўнг ҳарбий госпиталда ҳушига келган.

Фото: Getty Images

Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик эркак жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1973 йилда Қўштепа туманида туғилган Алишер Холиқов моддий бойлик орттириш мақсадида қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ва ёлланиш жиноятини содир қилган.

Жумладан, у 2023 йил 26 май куни “Дўстлик авто” чегара божхона пости орқали Қирғизистонга ўтиб, у ердан “Ўш-Санкт-Петербург” йўналишидаги авиарейс орқали ишлаш мақсадида Россияга чиқиб кетган. 2023 йилнинг ноябр ойига қадар Санкт-Петербург шаҳрида ижара асосида яшаб, турли ёлланма ишларда ишлаб келган.

Алишер Холиқов 2023 йил 24 ноябр куни моддий манфаат эвазига Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома имзолаган ҳамда Украинага қарши урушда иштирок этишга розилик билдирган. Шундан сўнг, Холиқов 80 нафар шахс билан бирга Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кузатуви остида “Россия-Финландия” чегараси яқинида жойлашган “Каминка” номли ҳарбий қисмга жойлаштирилган.

У ҳарбий қисмда 2 ой давомида ўқотар қурол ва ўқ-дорилардан фойдаланиш усулларини ўрганиб, жанговар тайёргарликдан ўтган. Сўнгра 2024 йил 24 январ куни махсус ҳарбий машиналарда Белгород вилояти Майский аҳоли яшаш пунктида жойлашган ҳарбий полигонга олиб борилган ҳамда у ерда ҳам ҳарбий машғулотларни ўтаган.

Алишер Холиқов 2024 йил 4 феврал куни Россия Мудофаа вазирлиги буйруғи билан Украинанинг Луҳанск вилояти ҳудудида олиб борилаётган жанговар ҳаракатларга жалб этилган. У шу куниёқ дрон орқали келиб тушган снаряд портлаши оқибатида бош чап чакка соҳаси, чап қўли, чап елкаси ва ўнг оёқ кафтидан жароҳатланган. Сўнгра Москва вилояти Красногорск шаҳридаги ҳарбий госпиталга олиб келиниб, бир ой давомида даволанган. 2024 йил 4 июл куни эса “Санкт-Петербург-Тошкент” йўналишидаги авиарейс орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.

Алишер Холиқов суддаги кўрсатмасида айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Танишимнинг гапи билан Санкт-Петербург шаҳрига бориб, икки ой новвойчилик қилдим. Аммо танишим келишувдаги пулни бермади. Сўнг “Магнит” номли гипермаркетнинг маҳсулотлар тақсимланадиган омборида юк туширувчи бўлиб уч ой ишладим. Омборда Сурхондарё вилоятидан бўлган Акмал исмли йигит иш бошқарувчи бўлиб ишларди. Иш ҳақимизни шу йигит бериши керак эди, лекин бермади, турли баҳоналар қилиб юрди. Шунда мен Акмални урдим. Унинг чақируви билан келган ИИБ ходимлари мени ва Умид исмли танишимни олиб кетди.

ИИБ ходимлари биз ўтирган хонага бир адвокатни олиб кирди. Ушбу адвокат Акмални урганим жиноят эканини, бунинг учун 5 йилга қамалишимиз мумкинлигини тушунтирди. Агар Украинага бориб ишлаб келсак жавобгарликдан озод қилинишимизни айтди. Умид иккаламиз жавобгарликдан қутулиш мақсадида унинг таклифига рози бўлдик ва ИИБ ходимлари томонидан берилган икки нусхадаги шартномага имзо қўйиб бердик. Шундан сўнг бизга ишдан озод қилинганимиз ҳақида маълумотнома бериб, қўйиб юборишди.

3 кундан сўнг иш жойимизнинг ётоқхонасига ҳарбий кийимдаги шахслар келиб, бизни автобусда олиб кетишди ҳамда “Каминка” номли ҳарбий қисмга олиб боришди. Орадан бир неча кун ўтгач пластик картамизга 500 минг рубл ташлаб беришди. Шундан 100 минг рублни ўзимнинг эҳтиёжларим учун олиб қолиб, қолганини турмуш ўртоғимнинг пластик картасига бўлиб-бўлиб ўтказиб бердим.

Ҳарбий қисмда бир ой яшаганимиздан сўнг мени ва яна етмиш тўққиз кишини иккита Урал ҳарбий юк машинасида Белград шаҳар ҳудудида жойлашган ҳарбий полигонга олиб боришди. Шу ерда бизга ҳарбий кийим, ҳарбий гувоҳнома, жетон, “Калашников” автомати беришди. Полигонда уч кун давомида ўқ отиш ва турли ҳарбий амалиётларни бажаришга ўргатишди. Сўнгра Россия Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари кузатувида иккита “Урал” ҳарбий юк машинасида урушга олиб кетишди.

Луҳанск ҳудудидан ўтаётганимизда бизларни олиб кетаётган машиналарга Украина томонидан дронда снаряд ташланди. Оқибатда машиналар портлаб кетди. Мен ҳушимни йўқотдим. 2024 йил март ойида Москва шаҳрида жойлашган ҳарбий госпиталда ўзимга келдим”, деган у ўз кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан Алишер Холиқов Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Россия армиясига ёлланган булунғурлик 56 ёшли шахс 3 йилга, “Вагнер”га ёлланиб, ҳарбий ҳаракатларда қатнашган наманганлик йигит эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Мавзуга оид