Иқтисодиёт | 11:27 / 07.11.2024
1735
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон имтиёзли савдо битимига кирувчи маҳсулотлар бўйича музокара олиб бормоқда

Покистоннинг марказий Associated Press of Pakistan – APP ахборот агентлиги Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан суҳбат эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг жорий ҳолати, амалдаги кўрсаткичларни янги босқичга кўтариш учун кўрилаётган чоралар, қўшма инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиш ҳолати тўғрисида батафсил маълумотлар берилган.

Суҳбат аввалида вазир Лазиз Қудратов 2024 йилнинг 9 ойи якунларига кўра Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айланмаси 311,1 миллион долларни ташкил этганини, бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга ошганини таъкидлаган. Шунга қарамасдан икки мамлакат ўртасида ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилган. "Шу мақсадда мамлакатларимиз ўртасида амал қилувчи Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасига кирувчи маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда", – дейилади нашрда.

Таъкидланишича, томонлар ўртасида божхона тўловлари ставкаларини пасайтириш ва маҳаллий маҳсулотлар экспорти учун қулай шароит яратиш орқали ўзаро савдо ҳажмларини оширишни режалаштирилган.

"2021 йилда имзоланган Транзит савдо тўғрисидаги битим икки давлат савдо муносабатларининг яна бир муҳим устуни сифатида эътироф этилиб, унинг божхона жараёнлари соддалаштирилишига, жануб йўналишидаги транспорт коридори ривожланишига хизмат қилаётганига эътибор қаратилган", – деган Лазиз Қудратов.

Интервюда Ўзбекистон ва Покистон ўз геостратегик жойлашувини ишга солган ҳолда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи самарали транспорт йўлакларини шакллантиришлари шартлиги алоҳида таъкидланган. Вазир мана шу имкониятнинг биргина ўзи давлатлар ўртасида транзит савдо соҳасида улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатишини, минтақалараро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш эса Ўзбекистон ташқи савдо сиёсатининг негизи эканлигини қайд этган.

"Биз қўшни давлатлар билан савдо ҳажмини ошириш мақсадида икки ва кўп томонлама форматдаги кенг қамровли ҳамкорликни жадал ривожлантиряпмиз. Бу борада кўрилаётган чоралар Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш қувватларини минтақавий бозорга интеграция қилиш бўйича муҳим саъй-ҳаракатларни ҳам ўз ичига олади", – дея таъкидлаган ИССВ раҳбари.

Вазир Лазир Қудратов яна бир муҳим жиҳат – ўзаро савдо амалиётларини соддалаштиришга тўхталиб, мамлакатимиз ҳукумати электрон декларация тизимларини жорий қилаётганини ва божхона жараёнларини рақамлаштираётганини маълум қилган.

Интервюда, шунингдек, "Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон" темирйўли лойиҳаси минтақалар ўртасидаги йирик инфратузилмавий ва кенг кўламли ижтимоий лойиҳа эканлигини таъкидланган. Мазкур лойиҳа фойдаланишга топширилгач, савдо-иқтисодий ва инвестицион жараёнларни янги босқичга олиб чиқиши урғуланган.

Мавзуга оид