Ўзбекистон | 18:21 / 07.11.2024
2517
2 дақиқада ўқилади

Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди

Вилоят ҳокимларига Жиззах вилояти, Дўстлик туманида сув бошқарувини ақлли тизимга ўтказиш бўйича хитойлик инвесторлар лойиҳасидан фойдаланиш топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда қайд қилинишича, жорий йилда сув омборларида ўтган йилга нисбатан кўп сув йиғилган. Давлат раҳбари бу ҳолатдан хотиржамликка берилмаслик лозимлигини, соҳада ҳали қилинадиган ишлар кўплигини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилиняпти. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 2-3 баробар юқори. Охирги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялар модернизация қилинди.

Лекин, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарёда ўрта ва майда эскирган насослар янгиланмагани учун сув таннархи ошиб кетмоқда. Бетонлаш ҳисобига йўқотиш 10-15 фоизга камайган бўлса-да, 20 та туманда йўқотишлар республикада энг юқори.

Йиғилишда Жиззах вилояти Дўстлик тумани мисоли кўриб чиқилди. Туманда хитойлик инвесторлар билан сув бошқарувини ақлли тизимга ўтказиш бўйича лойиҳа якунига етказилган. Сув тақсимланадиган 2 мингта нуқтага ҳисоблагич ва видеокамера ўрнатилиб, кимга қанча сув боргани аниқ кўринмоқда. Автоматлашган бошқарув орқали 20 фоиз, суғориш тармоқларини таъмирлаш ҳисобига яна 10 фоиз сув тежалмоқда. Сув бошқаруви хусусий секторга берилиб, фермерлар билан кооперация тузилмоқда.

Вилоятлар ҳокимларига Дўстликдаги янги тизимни ўрганиш, сув таъминоти оғир ва харажати қиммат туманда Дўстлик тажрибасини жорий қилиш топширилди.

Мавзуга оид