Фужи тоғига биринчи қор ёғди — бу 130 йилдан бери кузатилган энг кеч сана
Япониядаги ушбу тоғ чўққисига қор одатда октябр бошларида ёғади, аммо бу сафар 130 йилдан бери илк бор чўққи ой охирига қадар қорсиз қолди.
Япониянинг энг баланд нуқтаси — 3776 метрли Фужи (Фудзияма) тоғи чўққисига биринчи қор ёғди, деб хабар беради NBC News. Одатда ушбу тоғга қор октябр бошларида ёғар эди, аммо бу сафар 130 йилдан бери илк бор чўққи ой охирига қадар қорсиз қолди.
Синоптик Ютака Кацутанинг таъкидлашича, 6 ноябр куни ёғган қор 1894 йилдан бери олиб борилаётган кузатувлар давомидаги энг кеч сана ҳисобланади. Қорнинг кечикишига ёз ва сентябр иссиқ келгани туфайли совуқ ҳаво массаси тутиб қолингани сабаб бўлган.
Европа космик агентлиги ҳатто Фужининг қор билан қопланган чўққисининг сунъий йўлдошдан олинган суратини эълон қилди.
Фужига қор тушишининг бундан олдинги энг кеч санаси 2016 йилда қайд этилган — ўша йили 26 октябрда тоғ чўққисида қор кўринган. Ўтган йили эса биринчи қор 5 октябрда ёғган.
Баландлиги 3776 метрни ташкил этадиган, Япония маданий ва диний ҳаётида алоҳида ўринга эга бўлган Фужи тоғи кунчиқар юрт рамзи сифатида тилга олинади. Бу тоғ ЮНЕСКО Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилган.
Сайёрадаги энг гўзал вулқон тоғларидан бири саналувчи, деярли идеал конус шаклидаги Фудзиямада охирги марта бундан 300 йилча олдин вулқон отилган. Олимлар вулқон яқин вақт ичида уйғонмаслигини ишонч билан таъкидлашади. Фужига ҳар йили тахминан 200 минг нафар сайёҳ келади, улардан 30 фоизи – хорижликлардир.
Мавзуга оид
20:03
Nissan савдолар тушиб кетгани туфайли минглаб ходимларини ишдан бўшатади
17:26 / 07.11.2024
Осиёдаги энг катта круиз лайнери Японияда бузилиб қолди
18:00 / 06.11.2024
Японияда Toyota’нинг биринчи учар таксиси намойиш этилди
17:14 / 05.11.2024