Ўзбекистон | 11:30 / 09.11.2024
10624
6 дақиқада ўқилади

“Меҳмон деб ҳурмат қилишади” – хорижлик талабалар тиббиётни ўрганиш учун нега Ўзбекистонни танлаяпти?

Охирги бир йилда Ўзбекистонга келган хорижлик талабалар 2 ҳисса ошган. Уларнинг аксари тиббиётни ўрганишга келган. Хўш, нега? Бунинг сабаблари ҳақида Kun.uz ҳиндистонлик Калаш, мисрлик Маҳран ва кореялик Ҳюнжеонг билан суҳбатлашди.

Маданиятларимиз яқин”

Калаш Двиведи тиббиётни ўқиш учун Ҳиндистондан Ўзбекистонга келган талабалардан бири. У Тошкент тиббиёт академиясининг 4-босқичида таҳсил олади. Калаш 1-босқични Украинада ўқиган. Ўзининг айтишича, Россия-Украина уруши сабаб ўқишини бошқа жойга кўчиришга мажбур бўлган. Бир нечта давлатлар тиббиёти билан танишиб чиққан Калаш нега Ўзбекистонни танлагани ҳақида шундай дейди: “Ўқиш учун айнан Ўзбекистонни танлаганимнинг сабаби Ўзбекистон ва Ҳиндистон тарихий боғлиқлиги бор. Бобур шоҳ билан боғланганмиз”.

Калаш Двиведи

Тошкент тиббиёт академиясининг 3-босқичида ўқиётган Ҳюнжеонг Канг Ўзбекистонда ўзини яхши ҳис қилгани, танишлари бу ерда борлиги учун келганини айтади. “Дўстларим Ўзбекистонда ҳам тиббиёт яхши ўқитилишини айтишган. Шу ерда ўқишни тавсия қилишган. Кореяда тиббиёт инглиз тилида ўқитилмайди. Мен эса инглиз тилида ўқишни хоҳладим. Ўзбекистонда корейслар кўп. Улар билан доимий алоқада бўлишга имконим бўлади”, — дейди у.

Мисрлик Муҳаммад Маҳран эса диний яқинлик бўлгани учун Ўзбекистонга келганини айтди. “Тошкентга келиб ўқишимнинг сабаби – бу ерда мусулмонлар кўп. Мен ҳам мусулмонман. Бу ерда ўқиш диний томондан ҳам мен учун яхши деб ўйладим. Қолаверса, Мисрда кириш баллари жуда баланд эди, шу билан бирга ўқиш харажатлари ҳам қиммат”, — деди Маҳран.

Ўзбекистонда ўқиш арзонроқми?

Олий таълим вазирлиги эълон қилган нархларга қаралса, 2023/2024 йилда Ўзбекистонда тиббиётни бакалавриатда ўқиш 10,5 миллиондан 12 миллионгача етади.

Ҳиндистонда давлат ОТМларида 1 йиллик ўқиш пули 180-1000 долларгача боради. Хусусий олийгоҳларда эса нархлар 10 баробаргача юқори бўлади. Ҳиндистонда ҳар йили миллионлаб талабалар шифокор бўлиш учун ўқишга топширади. Масалан, 2023-2024 ўқув йилида миллий тиббиёт имтиҳонида 110 минг ўрин учун 2,4 миллион номзод кураш олиб борган. Бу кучли босим ва шиддатли рақобат дегани. Умумий ўринларнинг 55-60 мингтаси давлат олийгоҳларига тегишли бўлса, қолгани хусусийлар ва кам таъминланган оила фарзандлари учун.

Кореяда эса нархлар анча баланд. Давлат ОТМларида йиллик тиббий таълим 3000-6000 доллар атрофида бўлса, хусусийларда 5000-10 000 доллар.

Мисрда давлат олийгоҳларида 1 йиллик тиббий таълим 4500-8000 долларгача боради.

Талабалар яшашга қанча сарфлайди?

Калаш ва Маҳран 1 ойда яшаш учун 100 доллар сарфлашларини айтишди. “Ойига 100 доллар сарфлайман. Ҳостелда тураман, ҳозир ишламайман, фақат ўқийман. Деҳлида талаба бир ойда 50-80 долларга ҳам яшаса бўлади. Тошкентда нархлар Деҳлидан кўп эмас, бироз фарқ қилади”, — дейди Калаш.

Моҳамед Маҳран

Ҳюнжеонг эса харажатлари учун сал кўпроқ сарфлашини айтди. “300 доллар атрофида сарфлайман. Корея билан таққослаганда бу ерда яшаш ва ўқиш арзонроқ”, — деди у.

2 баробар ўсиш

Ўзбекистонга ўқиш учун келаётган талабалар охирги йилларда сезиларли ошган. Статистика агентлигига кўра, 2023/2024 йилда 10,8 минг нафар талаба Ўзбекистонга таълим олиш учун келган. Бу 2022/2023 йилдагидан роппа-роса 2 баробарга кўп. Айни кунларда Ўзбекистонга келган хорижлик талабалар орасида энг кўп ҳиндистонлик талабаларни учратиш мумкин. Ҳиндистонлик талабалар 5733 нафар бўлиб, уларнинг асосий қисми тиббиётни ўрганиш учун келган. Кейинги ўринда покистонлик талабалар 1358 ва туркманистонлик талабалар 904 нафарни ташкил қилади.

Амалиёт қилиш имкони

Хорижлик талабалар Ўзбекистонда тиббиётда амалиёт қилиш имкони яхши эканини айтишди. “Ўзбекистонга келишдан олдин Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияни ҳам солиштирдим, аммо тиббий таълим Ўзбекистонда яхшироқ деб ўйладим. Бошқа айрим давлатларда амалиёт қилишга имконият камроқ, Ўзбекистонда эса амалиёт учун яхши шароит бор экан”, — деди у.

Ҳюнжеонг Канг

Ҳюнжеонг ҳам Калашнинг фикрига қўшилишини айтди. “Бу ерда таълим давомида беморлар билан бирга ишлаш имкони кўпроқ. Умумий жарроҳлик бўйича ўқияпман”, — деди у.

Одамлар ёрдам беришга иккиланмайди”

Қаҳрамонларимиз ўзбек тилини ўрганишга астойидил ҳаракат қилишяпти. Калаш ўзбек тилини ўрганиш унга катта қийинчилик туғдирмаётганини, лекин бунга кўпроқ вақт кетишини айтади. “Ўзбек тилини ўрганишга ҳаракат қиляпман, бу вақтни олади, албатта. 6 йиллар яшасам, 70-80 фоиз ўзбекчани ўргана оламан деб ўйлайман. Ҳинд ва ўзбек тиллари ўртасида ўхшашликлар бор. Кўп сўзларимиз ўхшаб кетади. Масалан, дўст, меҳмон, қоғоз, қалам сўзларини ҳинд тилида ҳам ишлатамиз”, — дейди у.

Шунингдек, у Ўзбекистондаги одамларни яхши кўриб қолганини, улар жуда ёрдамсевар, меҳрибон эканини ҳам қўшимча қилди. “Ўзбеклар бизга меҳнон деб қарайди. Украинада бунақа эмасди”, — деди у.

Ҳюнжеонг Кангнинг Ўзбекистонга келганига 3 йил бўлган, у ўзбек тилида анча равон гапира олади. “Тилни ўрганишда қийналдим бошида, ҳозир жуда яхши тушунаман ва гапиришга ҳам ҳаракат қиляпман. Муаммога дуч келсак, одамлар ёрдам беришга иккиланмайди”, — деди талаба.

Муҳаммад Маҳран ҳам тилни ўрганаётгани, 1-2 йилдан кейин яна ҳам равон гапира олишига ишонишини айтди. У шунингдек, Ўзбекистон овқатларини ёқтириб қолганини алоҳида таъкидлади. “Ўзбекистоннинг овқатлари жуда ёқди, айниқса ош. Ҳатто ўрганиш учун дўстларим билан ош пиширишга ҳам ҳаракат қилиб кўрдим”, — деди у.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов 

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид