Жамият | 23:41 / 13.11.2024
3239
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга 245 млн сўмлик қўл соатлар ва заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уринган шахслар тўхтатилди

Пекиндан қайтган йўловчи қиймати 145 млн сўмлик, Дубайдан қайтган йўловчи эса 60 млн сўмлик қимматбаҳо соатни «яшил» йўлак орқали олиб ўтмоқчи бўлган.

Фото: Божхона қўмитаси

Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари қиймати 245 миллион сўмлик қимматбаҳо металл ва тошлардан ишланган қўл соатлари ҳамда заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди. Бу ҳақда «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси хабар берди.

Қайд этилишича, Пекиндан қайтган йўловчи қиймати 145 миллион сўмлик, Дубайдан қайтган йўловчи эса 60 миллион сўмлик қимматбаҳо соатни «яшил» йўлак орқали олиб ўтишга уринган вақтида тўхтатиб қолинган.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам соатлар жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш меъёридан ортиқча бўлган.

Истанбул—Тошкент рейси бўйича парвозини якунлаган йўловчи эса рухсат этилган 65 рамм оғирликдаги заргарлик буюмларидан ташқари яна 40 миллион тилла тақинчоқларни олиб киришга уринган вақтида фош қилинган. Қиймати 50 миллион сўмлик ушбу заргарлик буюмлари шахсий кўрик давомида йўловчининг чўнтагида аниқланган.

Жисмоний шахсларга шахсий эҳтиёж учун 65 гаммгача оғирликдаги заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилади. Аммо бу товарларни божсиз олиб киришнинг умумий меъёрлари доирасида бўлиши керак. Масалан, ҳаво йўллари орқали Ўзбекистонга кириб келишда 2 минг долларгача қийматдаги товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади.

Аввалроқ «Ғишткўприк» чегара божхона постида қиймати 380 миллион сўмлик заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уринган шахс тўхтатиб қолинган эди.

Мавзуга оид