Ўзбекистон | 20:00 / 13.11.2024
4695
3 дақиқада ўқилади

«Ўзтемирйўлконтейнер» АЖнинг 35 фоиз акциялари 200 млрд сўмга сотилди

Харидор Ўзбекистондаги энг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири — Cotton Logistics. Компания ўзининг 480 та вагондан иборат шахсий ҳаракат таркиби паркига эга.

Фото: Cotton Logistics

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ акцияларининг бир қисми хусусийлаштирилганини эълон қилди.

Қайд этилишича, хусусийлаштириш жараёнида консултант сифатида танланган Alkes Research'га МДҲ, араб, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа давлатларидаги 6 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олишга қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар келиб тушган.

Консултант томонидан мазкур босқичда аввалдан белгиланган мезонларга мувофиқ бўлган 5 нафар талабгор хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – мажбуриятга эга таклифларни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинган.

«Ушбу босқичда талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисида битим имзоланиб, консултант томонидан тайёрланган корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил ҳисоботлари жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонасига кириш ва Корхонанинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилди», — дейилади хабарда.

Белгиланган муддатларда уч нафар талабгор томонидан мажбуриятга эга таклифлар тақдим қилинган. Натижада, корхонани сотиб олиш учун энг юқори нарх таклифини билдирган “Cotton Logistics” МЧЖ 200 миллиард сўм миқдорида сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилган.

«Харидор томонидан келажакда корхонанинг бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва республиканинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юк ташишда таннарх ва харажатларни камайтириш, шунингдек, корхона фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, харидорнинг таклифи консултант томонидан ҳисобланган корхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори», — дейилади хабарда.

Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.

Таъкидланишича, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ «Халқчил IPO» дастури доирасида «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ 4 фоиз акцияларининг маҳаллий фонд бозорида оммавий таклифи ўтказилади.

Маълумот учун, “Cotton Logistics” МЧЖ – Ўзбекистоннинг энг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири бўлиб, юк айланмаси 1 млн тоннани ташкил этади. Компания ўзининг 480 та вагондан иборат шахсий ҳаракат таркиби паркига эга. Шунингдек, компания бошқарувида 1000 дан ортиқ ҳаракат таркиби мавжуд.

Мавзуга оид