Жаҳон | 15:29 / 14.11.2024
1463
2 дақиқада ўқилади

Бундестагга ГуМни тақиқлаш таклифи киритилди

"Германия учун муқобил" ўнг популистик партиясини тақиқлаш ҳақидаги петицияни Бундестагнинг 100 дан ортиқ депутати имзолаган.

Фото: AP / Markus Schreiber

Бундестаг турли фракцияларининг юздан ортиқ депутати Германия парламентига ўнг популистик "Германия учун муқобил" (ГуМ) партиясини ман этиш тўғрисида петиция киритди. Ташаббус муаллифларидан бири, мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) аъзоси Марко Вандервицнинг 13 ноябр, чоршанба куни хабар беришича, ҳужжатни 113 нафар парламентарий имзолаган. Уларнинг аксарияти "Иттифоқ-90"/"яшиллар" партияси вакиллари, дея қайд этади Die Welt. Сўл партиядан бу ташаббусни тўрт собиқ партия етакчиси қўллаб-қувватлади.

Мурожаат муаллифлари ГуМнинг конституцияга зид сиёсий бирлашма эканлиги ҳақидаги савол Германия Федератив Республикаси Асосий қонунининг 21-моддасига мувофиқ Федерал Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилишини таъкидламоқда. "Хавф остида бўлган нарса - бизнинг либерал демократиямиз", деди Вандервиц.

ГуМни тақиқлаш тартиби учун Бундестагда кўпчилик овози талаб қилинади

Партияни тақиқлаш тартиби Бундестаг, федерал ерларнинг Бундесратдаги вакили ва федерал ҳукумат томонидан бошланиши мумкин. Процедура парламент томонидан бошланиши учун депутатларнинг кўпчилиги унга овоз бериши керак.

Ҳужжатни имзолаганлардан бири, Германиянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси (ГСДП) депутати Кармен Вегге бу масала юзасидан муддатидан олдин парламент сайловларигача қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади. "Биз ГуМ конституцияга зид ва демократиямиз учун жиддий хавф туғдиришига қатъий ишонамиз", деди Вегге.

Dpa агентлигининг Бундестаг 2025 йил 23 февралга белгиланган сайловлар олдидан ташаббусни кўриб чиқиши мумкинми деган саволига Марко Вандервиц ушбу қонунчилик даврида, албатта, ялпи муҳокамалар бўлиб ўтишини, бироқ овоз бериш ўтказиладими ёки йўқми, ҳозирча номаълумлигини айтди.

Мавзуга оид