Жаҳон | 20:43 / 14.11.2024
1028
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Meta’ни қарийб 800 млн евро жаримага тортди

ЕИ назорат органи Facebookʼка эгалик қилувчи Meta компаниясини Marketplace онлайн эълонлар бизнесини «суиистеъмол қилиш»да айбдор деб топди.

Фото: AP

Европа Иттифоқи назорат органи Facebookʼка эгалик қилувчи Meta компаниясини Marketplace онлайн эълонлар бизнесини «суиистеъмол қилиш»да айблаб, қарийб 800 миллион евро жаримага тортди, деб хабар беради Associated Press.

Европа комиссияси узоқ давом этган текширувлар натижасида компания ўзининг устун мавқейини суиистеъмол қилиб, рақобатга қарши хатти-ҳаракатлар билан шуғулланган деб топди ва унга 797,72 миллион евро жарима қўллаш бўйича қарор чиқарди.

Комиссия Meta’ни онлайн эълонлар борасидаги бизнесини ижтимоий тармоққа боғлаб қўйишда, Facebook фойдаланувчилари автоматик равишда Marketplace’га кира олишида ва рақобатчиларига бундай имконият тақдим этмаганликда айблади. Назорат органи, шунингдек, Meta хизмат кўрсатиш соҳасида адолатсиз савдо шартларини ўрнатганини билдирди.

«Бу Европа Иттифоқининг антимонополия қоидаларига зид. Meta бундай ҳаракатларини тўхтатиши керак», — дейди комиссиянинг рақобат соҳасидаги сиёсатига масъул вице-президенти Маргрет Вестагер.

Meta комиссиянинг қонунбузарликни тўхтатиш ҳақидаги кўрсатмасига риоя қилишини ва уни такрорламаслигини билдириб, чиқарилган қарор устидан апелляция беришини маълум қилди.

2023 йилнинг майида Meta компанияси Европа ва АҚШ ўртасида маълумотлар узатишда нотўғри иш тутгани учун 1,2 миллиард евро миқдорида жаримага тортилган эди. 2022 йилда эса дунёнинг 106 мамлакатидан бўлган 533 миллион фойдаланувчининг маълумотлари эълон қилиб юборилиши ортидан Meta 265 миллион евро жарима тўлаган эди.

Мавзуга оид