Жаҳон | 16:52 / 15.11.2024
2632
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Сахалин областида мигрантларга 24 та соҳада ишлаш тақиқланди

Чекловларга риоя қилмагани учун юридик шахслар ҳар бир чет эл фуқароси учун 1 миллион рублгача жаримага тортилади.

Фото: ри

Россиянинг Сахалин области маъмурияти мигрантларга 24 та соҳада ишлашни тақиқлади. Бу ҳақда област маъмурияти ва губернатор Валерий Лимаренко сайтида хабар берилди.

Хорижий фуқаролар нон ишлаб чиқариш, озиқ-овқат чакана савдоси, ресторан ва озиқ-овқат етказиб бериш, мактабгача ва бошланғич умумий таълим, қўриқлаш хизматлари, йўловчи ташиш, йўловчи таксилари ва ҳайдовчи билан автомобил ижараси каби соҳаларда ишлай олмайди. Бундан ташқари, мигрантларга болаларни кундузги парваришлаш, бинолар ва саноат асбоб-ускуналарини дезинфекция қилиш, алоқа воситаларини таъмирлаш ва ҳоказо ташкилотларда ишлаш тақиқланади. Шунингдек, жисмоний шахсларга хорижликларни уй хўжалигида, шу жумладан ишлаб чиқаришда ёллаш ҳам тақиқланади.

Чекловларга риоя қилмагани учун юридик шахслар ҳар бир чет эл фуқароси учун 1 миллион рублгача жаримага тортилади. Фармон 2025 йил 1 январдан кучга киради.

2024 йилда Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам чет эл фуқаролари учун ишлаш чекланди. Улар орасида Калининград, Липецк, Новосибирск, Курск, Омск, Иркутск ва Воронеж области бор. Ўтган йил охиридан бошлаб 10 та ҳудудда мигрантларни саноатнинг айрим тармоқларида ишга жойлаштириш тақиқланган эди: Тула, Челябинск, Магадан, Калуга, Тюмен, Курган ва бошқа областларда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид