Ўзбекистон | 13:31
721
2 дақиқада ўқилади

Kaspi.kz «Humo» тўлов тизимини хусусийлаштиришдаги иштирокини тўхтатди

Қозоғистоннинг Kaspi финтех компанияси «Humo» тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёнидаги иштирокини тўхтатди. Компания Ўзбекистон рақамли трансформациясида иштирок этиш учун имкониятларни излашда давом этишини билдирган.

 Қозоғистоннинг Kaspi финтех компанияси «Humo» тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёнидаги иштирокини тўхтатганини маълум қилди.

Ўз навбатида компания Ўзбекистон рақамли трансформациясида иштирок этиш учун имкониятларни излашда давом этишини билдирган.

Маълумот учун, 2024 йилда Kaspi.kz АҚШнинг NASDAQ фонд биржасида IPO ўтказди ва бу сўнгги икки йил ичидаги энг йирик оммавий таклифлардан бирига айланди. Айни пайтда компаниянинг капиталлашуви тахминан 24 миллиард долларни ташкил этади.

«Humo» тўлов тизими ҳақида

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ – банк тўлов карталарига асосланган «Humo» тўлов тизими Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Жамият тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга оширишга доир Марказий банкнинг тегишли лицензиясига эга. Устав капитали: 155,4 млрд сўм;

Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ «Humo» карталари чиқарилган бўлиб, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган.

Апрел ойида Ўзбекистонда янги хусусийлаштириш дастури эълон қилинганди. Ундан бир қатор йирик давлат корхоналари қаторида “Humo” тўлов тизимини ҳам хусусийлаштириш режалари ўрин олган.

Июл ойида Давактив “Humo” давлат тўлов тизимини сотиб олиш учун аризаларни қабул қилиш бошланганини эълон қилди. Давлат улуши «музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш» усули орқали сотилиши айтилганди. Август ойида Kaspi ушбу жараёнда иштирок этиш нияти борлигини эълон қилди.

Мавзуга оид