Жаҳон | 17:29 / 18.11.2024
3542
4 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Эрдўған Россия—Украина урушини музлатиб қўйиш режасини тайёрлади

Туркия президенти Донбасс шарқида демилитаризация зонасини яратиб, у ерда «қўшимча кафолат сифатида» халқаро қўшинлар жойлаштириш таклифини илгари сурмоқда.

Фото: AP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 18 ноябр куни Рио-де-Жанейрода G20 давлатлари етакчилари учрашувида Россия—Украина урушини ҳозирги шароитда музлатиш таклифини тақдим этади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Уларнинг сўзларига кўра, Эрдўған режаси Украина «Путинга ён босиш ҳисобига» НАТОга аъзо бўлиш масаласини 10 йилга кечиктиришни ўз ичига олади. Шунингдек, Туркия президенти Донбасс шарқида демилитаризация зонасини яратиб, у ерда «қўшимча кафолат сифатида» халқаро қўшинларни жойлаштириш таклифини илгари сурмоқда.

Туркиялик амалдорлар Bloomberg билан суҳбатда бундай таклифни қабул қилиш Украинага осон бўлмаслиги, аммо уларнинг фикрича, «бу ҳақиқатга яқин ёндашув» эканини айтмоқда. Агентликнинг ёзишича, турк амалдорлари «босиб олинган ҳудудлар тақдири ҳақидаги мунозараларни узоқ муддатли истиқболда бир четга суриб, ўт очиш тўхтатилишини таъминлаш ниятида».

Эрдўған Украина президенти Володимир Зеленскийни Истанбулдаги музокараларда иштирок этишга кўндира олишига умид қиляпти, чунки манбанинг сўзларига кўра, турк етакчиси «жанговар ҳаракатлар тўхтатилмаса яқин ойларда Украина янада кўпроқ ҳудудидан айрилиши мумкинлигидан далолат берувчи разведка маълумотларини қўлга киритган».

«Катта йигирматалик» саммити 18-19 ноябр кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтади. Россия ва Туркия G20 аъзоси, Украина эса йўқ.

Украина президенти саммитда иштирок этмайди, чунки Зеленский Бразилия президенти Луис Инациу Лула да Силванинг «таклиф қилиш борасидаги барча илтимосларини эътиборсиз қолдирган».

РФ президенти Владимир Путин ўзининг ҳибсга олиниши бўйича халқаро ордер амалда экани боис форум ишига «халақит» бермаслик учун саммитга бормаслигини маълум қилган. Бразилия ва Россия БРИКС аъзоси.

Ўз навбатида Кремл вакили Дмитрий Песков Bloombergʼда эълон қилинган мақолага муносабат билдириб, Россия Туркия билан юқоридаги режани муҳокама қилмаганини қайд этди. «Бундай ҳолатда Путин томонидан ишлаб чиқилган шартлар долзарблигича қолмоқда. Жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун шу ишни қилиш керак», — дейди Песков.

Июн ойида Путин Украина билан тинчлик музокараларини бошлаш бўйича илк бор ўз шартларини эълон қилганди. Улар орасида Украина қўшинларини Луганск, Донецк, Запороже ва Херсон вилоятларидан олиб чиқиб кетиш, уларни Россия ҳудуди деб тан олиш, шунингдек, Киевнинг НАТОга қўшилиш режасидан воз кечиши кераклиги каби талаблар бор эди. Бундан ташқари, Путин Ғарбдан уруш давомида Россияга қўйилган барча санкциялар олиб ташланишини талаб қилган.

Охирги вақтларда Украина иттифоқчилари можаро томонларини музокаралар бошлашга ундаш ҳаракатларини оширди. Германия канцлери Олаф Шолц 15 ноябрда икки ярим йил ичида илк бор Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди. Франция президенти Эммануэл Макрoн эса Путин билан гаплашиши мумкинлигини истисно этмади.

Володимир Зеленский 16 ноябр куни «Суспилне»га берган интервьюсида Украина ҳукумати урушни 2025 йилда дипломатик йўл билан якунлаш учун «барча ишни қилиши кераклигини» таъкидлаган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид