Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трюдо Шолцнинг Путинга қўнғироқ қилиш қарорини қўллаб-қувватлади
Украинада тинчликка эришиш учун Россия президенти билан қандайдир ҳамкорлик қилиш керак, деди Канада бош вазири. Шолц Кремлга қўнғироқ қилганидан сўнг, бу қадам кенг танқидларга сабаб бўлди.
Канада бош вазири Жастин Трюдо Германия канцлери Олаф Шолцни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашиш қарорида қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, Украинадаги урушга барҳам бериш учун Россия раҳбари билан қандайдир ҳамкорлик керак, деб ёзади Bloomberg 17 ноябр, якшанба куни.
«Биз ҳаммамиз Украинадаги зўравонликка барҳам бериш, бутун дунё бўйлаб можароларга барҳам бериш қанчалик муҳимлигини тушунамиз», деди Канада бош вазири Перуда Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммитида. Унинг қўшимча қилишича, можароларни ҳал қилиш «бошқа томон билан маълум даражадаги ўзаро муносабатларни талаб қилади, биз кўп ҳолларда улар билан келишмаймиз».
Шу билан бирга, Трюдо Канада ва унинг иттифоқчилари Украина президенти Володимир Зеленский билан яқин ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Канада Украина ғалабаси тарафдори ва можаронинг тезроқ тугашини истайди. У яқин ойларда урушни тугатиш имкониятлари пайдо бўлиши мумкинлигини истисно этмади. Шу билан бирга, унинг Путинга бўлган ишонч даражаси «ҳозирда энг паст даражада», дея қўшимча қилди Канада бош вазири.
Шолц: Путиннинг Украинадаги уруш ҳақидаги қарашлари ўзгармади
Германия канцлери Олаф Шолц Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида Украинадаги уруш бўйича қарашларида ҳеч қандай ўзгариш кўрмади. 17 ноябр куни Берлин аэропортида матбуотга берган интервюсида Шолц: «Суҳбат жуда батафсил бўлиб ўтди, аммо бу Россия президентининг уруш ҳақидаги қарашларида жуда оз нарса ўзгарганини англаб етишга имкон яратди ва бу унчалик яхши хабар эмас», деди у Бразилиядаги G20 саммитига учишидан олдин.
Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбари Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашдан бош тортиши ҳақидаги ҳар қандай иллюзияларни йўқ қилиш учун Путин билан гаплашиш зарурлигини таъкидлади. «Унга Германия, Европа ва дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватлов заифлашишига ишонмаслик кераклигини айтиш жуда муҳим», деди Шолц.
Мавзуга оид
08:42 / 26.03.2025
Шолц ҳукумати расман истеъфога чиқди
10:21 / 19.03.2025
Шолц ва Макрон Украинага кейинги ҳарбий ёрдамни ваъда қилмоқда
09:10 / 13.03.2025
Шолц АҚШнинг Украинада ўт очишни тўхтатиш таклифини қўллаб-қувватлади
12:01 / 10.03.2025