Жамият | 11:40 / 19.11.2024
4083
2 дақиқада ўқилади

Туркияда қариндоши томонидан фоҳишаликка мажбурланган қиз Ўзбекистонга қайтарилди

Дипломатлар ва жамоат ташкилотлари холаваччаси иш топиб беришини айтиб, Туркияга чақирган 20 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг уйига қайтишига кўмаклашди. 

Фото: Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси алдов йўли билан Туркияга олиб келинган одам савдоси қурбонига ёрдам кўрсатди.

20 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ф.Ҳ. бош консулхонага мурожаат қилиб, холасининг қизи А.М. уни меҳмонхонада фаррош бўлиб ишлаш баҳонасида Туркияга таклиф қилганини маълум қилган. Бироқ у ерга боргач, қизни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлай бошлашган. Жабрланувчининг паспортини тортиб олиб, таҳдид орқали бўйсундиришга уринишган.

Тутқунликда ушлаб турганлар чиқиб кетганидан фойдаланиб, ўзбекистонлик қиз мамлакат бош консулхонаси билан телефон орқали боғлана олган. Унинг айтишича, консуллик ходимлари тезда ҳаракат қилиб, унга Измирдан Истанбулга чипта сотиб олишда ёрдам беришган, уни келганида кутиб олишган ва хавфсиз жойга жойлаштирган.

Ф.Ҳ.ни меҳмонхонадан олиб чиқиш, ташиш ва жойлаштириш Туркияда фаолият юритаётган «Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик» ҳамда «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилгани таъкидланган.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мазкур ҳолатга алоқадор бўлган ва Туркияда одам савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

15 ноябр куни фуқаро Ф.Ҳ. Ўзбекистонга қайтарилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид