АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди
АҚШ Пентагон омборларидан Киевга 275 миллион доллар миқдоридаги қурол ва ҳарбий техникани ўтказади, деб хабар берди Давлат департаменти.
Қўшма Штатлар Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинага 275 миллион долларлик қурол ва ҳарбий техникадан иборат қўшимча ёрдам пакетини тақдим этмоқда. Бу ҳақда 20 ноябр, чоршанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнот берди. Аввалроқ AP агентлиги манбаларга таяниб, Вашингтоннинг Киевга яна 275 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этиш режалари ҳақида қўшимча маълумот бермасдан ёзган эди.
Аниқлик киритилишича, Украинага навбатдаги ёрдам пакетининг ажратилиши АҚШ президенти Жо Байден 26 сентябр куни – Украина президенти Володимир Зеленский билан Оқ уйда учрашуви арафасида эълон қилган ушбу мамлакатга ёрдамни кенгайтириш доирасида амалга оширилмоқда.
Ўшанда Байден АҚШ Мудофаа вазирлигига Конгресс томонидан маъқулланган маблағлар ҳисобидан Украинага 5,5 миллиард доллар миқдорида ёрдам йўналтиришни буюрди, шунда унинг маъмурияти президентлик муддати тугагунга қадар «Конгресс томонидан ажратилган маблағлардан тўлиқ фойдаланиши мумкин».
Шу куни, 26 сентябрда Оқ уй Пентагон Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида Киевга 2,4 миллиард доллар ажратишини маълум қилди.
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен 13 ноябр куни АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ҳокимиятга келгунига қадар Вашингтон ихтиёридаги «ҳар бир доллар»ни Киевга ўтказишга ваъда берди.
Блинкен НАТО штаб-квартирасида журналистларга ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия ва зирҳли машиналар каби ҳарбий ёрдам воситаларини санаб ўтиб, «Вашингтон Украинанинг Россия агрессиясидан самарали мудофаасини таъминлаш учун биз қилаётган барча ишларимизга асосланишда давом этади», деди. Брюсселда у НАТО бош котиби Марк Рютте ҳамда алянс раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ўтказди ва унда Украинани янада қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди.