Жаҳон | 22:37 / 23.11.2024
762
2 дақиқада ўқилади

Politico: Хитой иқлим сиёсати пойгасида АҚШ ва ЕИдан ўзиб кетди

2023 йилнинг ўзида Хитой фирмалари хориждаги тоза технологияларга 100 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган.

Фото: Leah Millis

Хитой иқлим ҳимояси сиёсати бўйича етакчиликда АҚШ ва Европа Иттифоқини ортда қолдирмоқда, деб ёзади Politico нашри.

Европалик журналистлар фикрича, Хитой раҳбарияти тоза энергия ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчига айланиш учун ўнлаб йиллардан бери ҳаракат қилиб келади. Хитой ҳеч қачон АҚШ ва Европа Иттифоқи талаб қиладиган меҳнат ва атроф-муҳит кафолатларини талаб қилмаган. Бу эса Пекинга Африка, Осиё ва Лотин Америкаси ҳукуматлари билан мазкур йўналишда иттифоқлар тузиш имконини берган.

Нашр маълумотларига кўра, 2023 йилнинг ўзида Хитой фирмалари хориждаги тоза технологияларга 100 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. Айниқса, Хитой Африкада фаол ишламоқда — ушбу қитъада у 2021 йилдан бери қуёш энергияси соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича жами 55 та битимнинг 51 тасини имзолаган.

Таъкидланишича, ривожланаётган давлатлар эндиликда савдо муносабатлари бўйича Европа ва АҚШ билан юзага келадиган баҳсларда асосан Хитой тарафини олмоқда.

«Хитой иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшди. Келажакда Хитой янада кўпроқ ҳисса қўшмоқлик учун барча имкониятларини ишга солади», — дейди ХХР атроф-муҳит муҳофазаси вазирининг биринчи ўринбосари Чжао Инмин.

Мақола муаллифлари, шунингдек, Брюссел ва Вашингтонда «Пекин билан рақобат қилиш учун маблағ етишмаётганини» тан олган. Politico’нинг ёзишича, Хитойнинг АҚШ ва ЕИга нисбатан устунлиги шу даражага етганки, Пекин тоза технологиялар соҳасида уларни ҳатто рақобатчи сифатида ҳам кўрмаяпти.

Мавзуга оид