Жаҳон | 14:15
818
3 дақиқада ўқилади

«ПостРоссия давлатлари форуми» РФда террористик деб тан олинди

Россия Федерацияси Олий суди Иля Пономарев томонидан тузилган айирмачилик кайфиятидаги «ПостРоссиянинг эркин давлатлари форуми»ни террорчи ташкилот деб тан олди. У Россияни 41 та кичик давлатга бўлиниш тарафдори.

Россия Олий суди мухолифатчи Иля Пономаревнинг сепаратистик кайфиятдаги «ПостРоссия эркин давлатлари форуми»ни Россия Федерацияси бош прокурори талабига биноан террорчи ташкилот деб тан олди. Бу ҳақда 22 ноябр, жума куни Бош прокуратура сайтида эълон қилинган хабарда айтилади.

Россия хавфсизлик тузилмалари расмийларига кўра, «ПостРоссиянинг эркин давлатлари форуми» «миллий ва минтақавий йўналишлар бўйича ташкил этилган» 172 таркибий бўлинмадан иборат.

Форум веб-сайтида унинг мақсади «Россия Федерацияси деб аталадиган ҳудудни деколонизация қилиш», «Московия оккупацияси ва мустамлакасидан озод қилиш» ва «янги геосиёсий субъектларни яратиш, шунингдек, кейинчалик построссия маконининг келажакдаги мустақил давлатларини реконструкция қилиш» деб кўрсатилган. Россия ўрнига «Эркин давлатлар форуми» 41 та мустақил давлатни яратишни таклиф қилади, жумладан: «Сибир Қўшма Штатлари», «Смаландия», «Кумикия», «Коландия» ва бошқалар.

2024 йил март ойида «ПостРоссия эркин давлатлари форуми»Россияда номақбул ташкилот сифатида тан олинган.

Иля Пономарев Россияда сиртдан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Давлат думасининг собиқ депутати Иля Пономарев ҳарбий «фейклар» тарқатиш ва «терроризмни оқлаш» айби билан сиртдан 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. 11 сентябр куни ТАСС агентлигининг хабар беришича, Пономаревга 2-ғарбий округ ҳарбий суди томонидан ҳукм чиқарилди.

Прокурор Пономаревни 14 йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб этди. Сиёсатчи «Озод Россия» форумларининг иккита трансляцияси, шунингдек, «Настоящее время» телеканалига берган интервюси туфайли ҳарбий «фейк»ларни тарқатишда айбланган, деб эслатади «Медиазона».

Тергов Иля Пономаревнинг «Россияда режимга уюшган қаршилик кўрсатиш зарур» деган баёнотини «терроризмни оқлаш» деб баҳолади. Пономарев, хусусан, «ҳарбий комиссариатлар ва Z белгиси бўлган автомашиналарга ўт қўйишга қаратилган тўғри тадбирларни амалга ошираётган турли шахслар» ҳақида гапирган, деб ёзади «Медиазона».

Иля Пономарев 2022 йил августида Россия суди томонидан сиртдан ҳибсга олинган ва кейинчалик халқаро қидирувга берилган эди. Сиёсатчи 2014 йилнинг ёзида Россияни тарк этган. 2015 йилда у Украинага кўчиб ўтди ва у ерда Украина фуқаролигини олди.

Мавзуга оид