Фан-техника | 18:17 / 23.11.2024
8540
2 дақиқада ўқилади

Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди

Машинага бир киши бемалол сиғади. Сенсорлар ва сунъий идрокка асосланган тизим сувнинг ҳароратини мустақил бошқаради.

Фото: Kazuhito Suwa

1970 йилги Япония Бутунжаҳон кўргазмасида кийим эмас, одамларни “ювадиган” ғайриоддий кир ювиш машинасини намойиш этилган, бироқ ўша пайтда бу ғоя тижорий муваффақиятга эришмаганди. Science Co. компанияси эса Mirai Ningen Sentakuki — инсонларга мўлжалланган келажак кир ювиш машинасини тақдим этди. Унинг кўриниши реактив қирувчини эслатади.

Компания раиси Ясуаки Аояманинг айтишича, қурилма томи шаффоф кабинадан иборат, марказда ўриндиқ жойлаштирилган. Унга одам ўтирганда, кабина ичидаги бўшлиқ иссиқ сув билан тўлади.

Махсус датчиклар максимал қулай ҳароратни созлаш учун фойдаланувчининг пульси ва бошқа биологик маълумотларини ўлчайди. Ўрнатилган сунъий идрок тизими эса одамнинг ҳиссий ҳолатини назорат қилиб, уни тинчлантирувчи махсус тасвирларни экранда намойиш қилади.

Бир кишини ювинтириб, қуритиш учун 15 дақиқа кетади. Машина 2025 йил баҳорида Осака шаҳрида ўтказиладиган Бутунжаҳон кўргазмасида оммага намойиш этилади. Кўргазма давомида кўнгиллилар уни синаб кўриши мумкин.

Эътиборлиси шундаки, Аояма болалигида 1970 йилги кўргазмада тақдим этилган кир машинасининг илк намунасини кўрган. Ўша пайтда бу ғоя уни жуда ҳайратга солган, чунки кўпчилик уйларда ҳатто оддий ҳаммом йўқ эди.

Ўшанда ишлаб чиқарувчилар қурилмани 1970 йил учун ақл бовар қилмас функциялар — сувни автоматик тўлдириш, ультратовуш тўлқинларини тарқатиш ва ҳатто танани массаж қиладиган шарикчалар билан жиҳозлаган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид