Жаҳон | 07:53
6110
2 дақиқада ўқилади

Superjet 100 самолёти Анталия аэропортига қўнганидан сўнг ёниб кетди

Росавиация хабар беришича, "Азимут" авиакомпаниясининг Sukhoi Superjet 100 самолёти Туркиянинг Анталия шаҳрига қўнганидан сўнг ёниб кетган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Фото: Вид

Россиянинг "Азимут" авиакомпаниясининг Сочидан учган Sukhoi Superjet 100 самолёти Туркиянинг Анталия шаҳри аэропортига қўнганидан сўнг ёниб кетди. 24 ноябр, якшанба куни содир бўлган воқеани Росавиация матбуот котиби Артем Кореняко ўзининг Telegramʼдаги каналида тасдиқлади.

Кейинроқ у Россиянинг Анталиядаги бош консуллигига таянган ҳолда аниқлик киритишича, ҳодиса оқибатида самолёт йўловчиларидан ҳеч бири жабрланмаган. Самолёт командири йўловчиларни махсус траплар ёрдамида эвакуация қилишга қарор қилди. Авиакомпания қурбонлар йўқлигини тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, "Азимут" ортга қайтиш учун захира самолёт тайёрламоқда. Туркия Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, самолётда 95 киши бўлган. Анталия аэропорти бортда 91 киши бўлганини маълум қилди.

Кореняконинг сўзларига кўра, кемадаги ёнғин Туркия аэропортининг қутқарув гуруҳи томонидан тезда ўчирилган.

AirportHaber Туркия авиация портали хабарига кўра, Superjet 100 двигатели ёниб кетган. Mash Telegram-каналининг ёзишича, самолёт қўниш вақтида чап қаноти билан учиш-қўниш йўлагига урилган бўлиши мумкин.

Авиакомпания маълумотларига кўра, Superjet кучли ёмғир ва шамол туфайли ноқулай об-ҳаво шароитида қаттиқ қўнганидан сўнг ёниб кетган.

Июлда Москва областида Superjet 100 ҳалокатга учради

2024 йил 12 июл куни Москва области Коломенский районида бортида йўловчилар бўлмаган Sukhoi Superjet 100 самолёти ҳалокатга учради. Борт кузатувчиси ва унда бўлган икки учувчи ҳалок бўлди. Самолёт 2014 йилда чиқарилган ва "Газпромавиа" компаниясига тегишли эди. 2019 йилдан бери у билан учта техник носозликлар ҳақида хабар берилган.

Хусусан, 2019 йилда самолётнинг чап двигатели реверси ишламай қолган, 2022 йилда кондиционер тизими ишдан чиққан, 2023 йилда эса ёнилғи камлиги туфайли у Новий Уренгой аэропортига фавқулодда қўнган.

Мавзуга оид