Жаҳон | 21:56 / 26.11.2024
4299
3 дақиқада ўқилади

Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди

ИИВ раҳбари янги ходимларни ёллаш қийин бўлаётганининг асосий сабаби сифатида маошларнинг камлигини кўрсатган. Россияда полиция ходимининг ўртача маоши тахминан 44 минг рублни ташкил этади.

Фото: Ярослав Чингаев

Россия Ички ишлар вазирлигида қарийб 19 фоиз — 173 мингдан зиёд полициячи етишмаяпти. Бу ҳақда идора вакили Ирина Волк маълум қилди.

«Жорий йилнинг 1 ноябр ҳолатига кўра, ички ишлар органлари шахсий таркиби борасидаги етишмовчилиги 173,8 мингни ёки штат ҳисобида 18,8 фоизни ташкил этмоқда», — дейди Волк.

Унинг қўшимча қилишича, юкламанинг ортганига қарамай, ИИВ бўлинмалари самарали ишлашни давом этмоқда. Охирги тўққиз йил ичида рўйхатга олинган жиноятлар даражаси 12,8 фоизга, шахсга нисбатан тажовузлар сони 45,9 фоизга, қотиллик ва қотилликка уриниш ҳолатлари 42,3 фоизга камайган.

Ёз охирларида Россия ички ишлар вазирининг ўринбосари Владимир Кубишко ҳам ходимлар етишмаётгани тўғрисида хабар берганди. «Тасаввур қилинг, Россиянинг олис ҳудудларидаги туман бўлимларига боряпман ва 12 нафар тезкор ходим ўрнига тўрт киши ишлаётганини аниқлаяпман. Саккиз нафар терговчи ўрнига икки нафар кадр хизмат қилмоқда. 40 нафар участка нозиридан олтитаси қолган, вазият шунақа. Етишмовчилик катта», — деганди у.

Май ойида ИИВ раҳбари Владимир Колоколцев полиция штатини тўлиқ жамлаш учун яна 152 минг ходим зарурлигини маълум қилганди. 2023 йилнинг август ойида эса у 90 минг киши етишмаётгани ҳақида гапирганди.

ИИВ раҳбари янги ходимларни ёллаш қийин бўлаётганининг асосий сабаби сифатида маошларнинг камлигини кўрсатган. «Биз пул чоп этиб, ички ишлар органларида хизматга жалб қилишнинг асосий сабаби сифатида маошларни ошира олмаймиз. Бизда вазият шунчаки ўзгариб эмас, балки чуқурлашиб кетди», — деган эди Колоколцев. Россияда полиция ходимининг ўртача маоши тахминан 44 минг рублни (408 доллар) ташкил этади.

Arbat.media ҳисоб-китобларига кўра, Россия жон бошига тўғри келадиган полициячилар сони бўйича етакчи ҳисобланади. Ўтган йили 100 минг россияликка 643 нафар ИИВ ходими тўғри келган. Таққослаш учун: Хитой, Ҳиндистон ва АҚШда ушбу кўрсаткич мос равишда 120, 128 ва 256 нафарни ташкил этади. Европа Иттифоқида 2019 йилдан 2021 йилга қадар ҳар 100 минг кишига 335,3 полициячи тўғри келган.

РФ президенти Владимир Путиннинг қарорига мувофиқ, 2023 йилда ИИВнинг штат сони 894 мингдан 922 минг нафаргача оширилган эди. Жорий йилда у 934 минг кишини, 2025 йилда эса 938 мингни ташкил этиши керак.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид