Жаҳон | 20:46 / 28.11.2024
2331
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрант ўқувчиларнинг рус тилидан билимлари синовдан ўтказилди

Болаларнинг фақат ярмидан кўпи рус тили имтиҳонини муваффақиятли топширгани таъкидланмоқда.

Фото: ТАСС

Октябр ойида Россия мактабларида ўтказилган рус тили имтиҳонидан мигрант болаларнинг 58 фоиздан ортиғи муваффақиятли ўтди, 23 фоиздан ортиғи рус тилини ўрганишда қийинчиликларга дуч келди, деярли 18 фоизи тилни ёмон билади ёки умуман билмайди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Тест вояга етмаган хорижий фуқароларнинг Россия умумтаълим тизимига интеграциялашувини мониторинг қилиш доирасида бўлиб ўтди.

Мониторинг маълумотларига кўра, 2024/2025 ўқув йили бошида 154,8 минг нафар бола тил диагностикасидан ўтказилди, бу Россиянинг барча даражадаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган мигрант болалар умумий сонининг 74,4 фоизини ташкил этади.

Мониторинг Россиянинг барча ҳудудларида ўтказилди. Бундай диагностикани ўтказиш имконияти Таълим вазирлигининг буйруғи кучга кирганидан кейин 2023 йилда пайдо бўлди. Унга кўра, мактаблар тегишли диагностикадан сўнг, рус тилини яхши билмайдиганлар учун қўшимча ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқини олди. Бундай тил тестини ўтказиш тартиби мактаб томонидан белгиланади.

Диагностика ўтказиш учун махсус материаллар ишлаб чиқилган. Улар илк бор 2023 йилда нашр этилган, бироқ вазирлик маълумотларига кўра, синовдан сўнг диагностика материаллари жорий йилнинг октябр ойида қайта кўриб чиқилиб, янгиланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид