Ўзбекистон | 17:50
3046
3 дақиқада ўқилади

Бухорода ҳокимлар, ўринбосарлар ва сектор раҳбарлари 6 ойлик фавқулодда иш тартибига ўтказилди

Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябр куни Бухоро вилоятида қўшимча имкониятларни юзага чиқариш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилди. Инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтади. Бутун эътибор шу учта йўналишни яхшилашга қаратилади. Хусусан, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари асосида 70 та драйвер лойиҳани амалга ошириб, 150 минг одамни даромадли қилиш, 40 минг кишини камбағалликдан чиқариш лозим.

Қайд этилганидек, вилоятнинг ҳар бир ҳудудини саноатнинг муайян тармоғига, масалан, Пешку ва Шофиркон туманларини қурилиш материаллари ҳамда тўқимачиликка, Когон шаҳри, Олот ва Жондор озиқ-овқат, Ғиждувон ва Ромитанни кимё саноатига ихтисослаштириш керак. Бу тадбиркорларнинг 150 миллион долларлик лойиҳаларига йўл очади. Бунинг самарасида 411 та кичик корхона, 12 мингта иш ўрни пайдо бўлиши таъкидланмоқда.

Вобкент, Қоракўл, Жондор ва Олотда 320 миллион долларлик 4 та тўқимачилик корхонаси қуриш лойиҳалари бор. Натижада тайёр трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари ҳажми 2 баробар ошади, 5 мингта иш ўрни яратилади.

Келгуси йил Бухорода хорижий туристлар сони 2,2 миллионга, туризм экспорти 600 миллион долларга етиши кутилмоқда. 69 та янги меҳмонхона, 2 мингта ҳунармандчилик раста ва дўконлари барпо этилиши бунга катта ҳисса қўшади.

Қўшимча 20 минг гектар ер майдонларини ўзлаштириш мўлжалланган. Бунинг ҳисобига қўшимча 100 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади ва 2 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Томорқалар, дала чети ва каналлар атрофидаги бўш ерларда ҳам қўшимча дарахт ва озиқ-овқат маҳсулотлари экилади.

Бухоро вилоятида 2 миллион гектардан зиёд яйлов бор. Яйловларда писта етиштириш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда Бухоро вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Умуман, келгуси йилда 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобига 106 та лойиҳани амалга ошириш мўлжаллангани айтилди. Уларда 105 мингта доимий иш ўрни яратилади, 350 миллион доллар экспорт бўлади.

Давлат раҳбари бу режалар вилоят учун етарли эмаслигини таъкидлаб, саъй-ҳаракат ва натижаларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Таклифларни яна бир бор кўриб чиқиб, қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Мавзуга оид