Ўзбекистон | 13:44
3406
11 дақиқада ўқилади

Катта террор қурбони: Жавоҳарлал Неру қидирган Булат Солиев ким эди?

Булат Солиев – биринчи ўзбек тарих профессори. У ўз асарларида совет мафкурачилари томонидан аёвсиз таҳқирланган Амир Темур шахсиятини очиб берган. Халқни ўзининг ҳақиқий тарихи билан таништириш йўлидаги ҳаракатлари ортидан тарихчи олим совет махсус хизматлари томонидан таъқибга учрайди ва қамоққа олинади. У “миллатчилик ва пантуркистик” ғояларни тарғиб қилишда айбланиб, 1938 йил 28 февралда отиб ташланади.

1955 йил 15 июн куни СССРга расмий ташриф билан борган Ҳиндистоннинг биринчи Бош вазири Жавоҳарлал Неру Тошкентга келади. Нуфузли меҳмон шарафига Ўзбекистон Фанлар Академияси мажлислар залида тантанали йиғилиш ташкил этилади. Тадбир якунига етгач таржимон СССР Ташқи ишлар вазири ўринбосари В.В.Кузнецовга “Жаноб Бош вазир, ҳурматли профессор Булат Соли жаноблари билан учрашмоқчи”, дейди. Ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири Ғани Султонов у кишини танимаслигини айтиб, вазиятдан чиқмоқчи бўлади. Ҳамма ялт этиб Ўзбекистон Фанлар Академияси президенти Теша Зоҳидовга қарайди. Фанлар Академияси олималари Хадича Сулаймонова ва Сабоҳат Азимжонова лабини тишлаганча ерга қараб турарди. Озгина сукутдан сўнг Теша Зоҳидов ўзини қўлга олиб, “Жаноб бош вазир, профессор Пўлат Солиев анча йиллар аввал йўлда вафот этган. Қабри қаердалиги номаълум”, дейди. 

Ўша пайтда ўзбекистонликларни ноқулай вазиятга солиб қўйган ва номи тилга олиниши мумкин бўлмаган, 1938 йил 28 февралда “халқ душмани” сифатида отиб ташланган бу киши биринчи ўзбек тарих профессори Булат (Пўлат) Солиев эди.

Профессор Булат (Пўлат) Солиев

Булат Солиев — Ўзбекистон илм-фанининг таниқли арбоби, Ватанимиз ва умуман, Ўрта Осиёда янги тарихшунослик илмий мактабининг асосчиларидан биридир. У киши 1882 йил 22 мартда Астрахан шаҳрида, манғит уруғига мансуб ўзбек оиласида туғилган, шу боисдан расмий ва илмий ҳужжатларда гоҳ Булат, Бекбулат, кейинчалик Пўлат исмларини олган. Қозон ва Уфада мадраса таълимини кўрган, араб, форс, турк, рус, кейинчалик француз ва немис тилларини пухта ўрганган, 1909 йилда Туркистонга келган Булат Солиев жадид сифатида Туркистоннинг кўпгина шаҳар ва вилоятларида жумладан, Тошкент вилояти, Фарғона водийси, Жалолобод вилояти ва бошқаларда ўзининг маърифий фаолиятини бошлаган. Тошкент ва Қўқонда мактабларда тарих, арифметика, она тилидан дарс беради.

1917 йилда Туркистон Мухторияти ташкил этилишида жонбозлик кўрсатади ва мухториятнинг асосий нашри бўлган “Эл Байроғи” газетасининг бош муҳаррири бўлади. 1918 йил Мухторият тор-мор қилингач ўзини илмий-педагогик фаолиятга бағишлайди. 1918 йил ноябр ойида Булат Солиев Назир Тўрақулов билан биргаликда Қўқон Халқ университетини ташкил этишда иштирок этади. Мазкур ўқув даргоҳи асосан Фарғона водийсидаги қишлоқ ўқитувчилари малакасини ошириш билан шуғулланади ва Булат Солиев унинг директори этиб сайланади.

СССРнинг бутун 70 йиллик умри давомида, тарих фан сифатида мафкуравий аралашув объекти бўлган. Дастлаб 1920-йилларнинг охиригача инқилобдан олдинги тарихчилик мактаби вакиллари нисбатан эркин фаолият юритишган, ўз асарларини ўқув юртларида ўқитишлари ва нашр этишлари мумкин эди. Бундай енгилликнинг пайдо бўлишига 1920-1928 йилларда амалга оширилган Янги иқтисодий сиёсат ҳам бир қадар имкон беради. Шу туфайли кўплаб жадид тарихчилари ўз асарлари ва мақолаларининг катта қисмини 1920-йилларда нашр этишган.

Маскур даврда Булат Солиев ўзининг бир қанча асарлари билан аллақачон маҳаллий зиёлилар орасида етук тарихчи сифатида намоён бўлган эди. Бу йилларда олим бир қатор жуда қимматли асарларни ёзади. Жумладан: “Манғитлар салтанати даврида Ҳиндистон Англия зулми остида” 1920 йил, “Бухоро ўлкаси” 1926 йил, “Бухоро тарихи” I қисм, 1925 йил, “Ўрта Осиёда савдо капитали даври” 1926 йил, “Ўрта Осиё тарихи XI-XV асрлар” 1926 йил, “Ўзбекистон тарихи” 1929 йил, “Ўзбекистон ва Тожикистон” 1926 йил, “Ўрта Осиёда исломнинг тарқалиши” 1928 йилларда нашр этилди. 1926 йилда Булат Солиевга профессор унвони берилади.

Булат Солиевнинг ёзиш услуби мутлақо бошқача эди. У асосан бирор бир илмий муаммони кўтараётганда одатда умуман бошқа нарса ҳақида ёзаётган бўларди. Масалан, олимнинг 1920 йилда нашр этилган “Англия зулми остида Ҳиндистон ўлкаси” номли асарида Булат Солиев тарихчи сифатида капиталистик Англиянинг Ҳиндистондаги кирдикорларини очиб беришини хоҳлаган бўлса-да, олим шу ўринда Ленин бошлиқ болшевиклар ҳукуматининг босқинчилик сиёсатини ҳам моҳирлик билан фош қилади. Масалан, олим ушбу асарда шундай дейди: “Ҳиндистонга хавф бўлғонлиғи учун Англия давлати Тибетни ўзига тобе қилди. Ўзининг назорати остига олди. Тибет ихтиёрсиз суратда Англияга итоат этишга мажбур бўлди. Кўнгилга бир сўроқ келадир: Англиянинг Тибетга ҳужум этишга қандай ҳаққи бор? Тибетда қандай иши бор? Қандай асосға биноан Англия давлати Тибетни ўзига қўшади? Белгили бу иш ҳаққониятсизлик, адолатсизликдир”. Ушбу саволларнинг барчаси аслида Туркистонни куч билан босиб олган совет доҳийларига қаратилган эди.                           

Булат Солиев томонидан ёзилган “Англия зулми остида Ҳиндистон ўлкаси” китобининг кириш қисми

Совет давлати ташкил топган 1920-йиллардаёқ Пўлат (Булат) Солиев Туркистон тарихига оид дарслик ёзиш ишига жиддий киришади. Бироқ болшевиклар Пўлат Солиев ва бошқа маҳаллий олимлар томонидан тайёрланган дарслик лойиҳаларини доимий равишда рад этиб келади. Шундай бўлса-да, Солиев 1929 йилда “Ўзбекистон тарихи” китобини нашр эттиришга муваффақ бўлади. Олим мазкур асарни яратишда ўрта аср муаррихларининг меросларидан унумли фойдаланади. Муаллиф тарих соҳасидаги мафкуравий кўчкига қарши эканлигини таъкидлаган ҳолда, китобнинг кириш қисмига, ўша кунларда совет мафкурачилари томонидан аёвсиз таҳқирланган Амир Темур суратини илова қилади.

Булат Солиев томонидан 1929 йилда нашр қилинган “Ўзбекистон тарихи” китоби ва унинг кириш қисмидаги Амир Темур сурати

“Ўзбекистон тарихи” асари ўқувчига Амир Темур даврида Туркистоннинг жаҳон геосиёсатида қандай ўрин тутгани ва минтақанинг буюк ўтмиши ҳақида қимматли маълумотлар берарди. Бундан сал аввал, яъни 1927 йилда ҳам Пўлат Солиев “Маориф ва ўқитувчи” журналида “Ўзбеклар ҳам Темур болалари” деб номланган мақоласи билан катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ушбу мақола чиқиши билан совет мафкурачилари ўша даврдаги даврий нашрларда бирин-кетин мақоласи ҳақида танқидий материаллар эълон қила бошлайди.  

Халқини ўзининг ҳақиқий тарихи билан таништиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган тарихчи олим совет махсус хизматлари томонидан таъқибга учрамай қолмайди. 

1933 йил август ойида ВКП (б) Самарқанд бўлими томонидан олимнинг 1926 йилда нашр этилган “Ўрта Осиё тарихи” асари ғоявий жиҳатдан “нобоп” деб топилади. Чунки асардаги Хоразмшоҳлар давлатининг нуфузи ва Ўрта Осиёнинг ХI асрда жаҳон илм-у фани ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар советларга ёқмаган эди. 1936 йилда тарихчилар қурултойида Булат Солиев асарлари “Ўтмишни идеаллаштирган” ва “пантуркистик” дея баҳоланиб олий ўқув юртларида дарслик сифатида қўллаш тақиқлаб қўйилди. Унинг минтақа тарихига кенг ва чуқур ёндашиш ҳақидаги талаби тез орада коммунист тарғиботчиларнинг кескин танқидига сабаб бўлади ва улар Пўлат Солиевнинг тарихшунослигини “миллатчилик ва пантуркистик” руҳда дея таърифлайди. 1937 йилда бошланган “Катта террор” сиёсати натижасида Ўзбекистондаги бир қатор таниқли давлат арбоблари ва адабиёт намояндалари ҳибсга олинади. Булат Солиев бошида ҳам қора булутлар айлана бошлайди. 1937 йил сентябрда профессор Булат (Пўлат) Солиев Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университетидан бўшатилди.

Булат Солиев томонидан 1926 йилда нашр этилган “Ўрта Осиё тарихи” китоби

1937 йил 11 октябрда профессор Солиевни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилди. Унда жумладан шундай дейилади: “Тошкент шаҳри, 1937 йил 11 октябр. Мен Ўзбекистон НКВД 3 бўлими оператив ходими — давлат хавфсизлиги лейтенанти Гайнитдинов пантуркистик ташкилот аъзоси бўлган Пўлат Солиевга тегишли ҳужжатларни ўрганиш жараёнида унинг бутунлай Ўзбекистонда Совет ҳокимиятини ағдаришни мақсад қилган антисовет пантуркистик ташкилот аъзоси бўлганини, маҳаллий зиёлилар орасида мунтазам равишда советларга қарши ташвиқот олиб борганини аниқладим”, ЎзССР Жиноят кодексининг 49-модда “6“ бандига асосланиб

ҚАРОР ҚИЛИНАДИ: 1882 йилда таваллуд топган, партиясиз, Самарқанд шаҳридаги Ўзбек Давлат университети профессори, СССР фуқароси бўлмиш Пўлат Солиев ҳибсга олинсин ва ЎзССР Жиноят Мажмуасининг 60- ва 67-моддаларига кўра жавобгарликка тортилсин”.

Шу тариқа қарийб 5 ой давом этган қийноқлардан сўнг 1938 йил 8 февралда НКВД учлик суди Булат Мажидович Солиевни отувга ҳукм қилади. Ҳукм 1938 йил 28 февралда ижро қилинади. Шу тариқа биринчи ўзбек тарих профессори, мусулмон шарқи халқларининг билимдони Сталин бошлиқ қатағон машинаси томонидан маҳв этилди.

Булат Солиевнинг асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб шарқ халқлари орасида анчайин шуҳрат қозонган эди. 1954 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган Ҳиндистон Бош вазирининг ҳам бу кишини йўқлагани бежиз эмас эди. Олимнинг вафот этганини эшитган ҳинд сиёсатчиси Булат Солиевнинг “Англия зулми остида Ҳиндистон ўлкаси” асари ҳинд озодлик ҳаракати намояндалари орасида машҳур бўлгани, уларнинг озодлик йўлида курашларига илҳом берганини айтаркан, Булат Солиевга миннатдорлик билдиради.

Ўзбекистон ССР Олий Суди комиссиясининг 1956 йил 29 апрелида чиқарган 32/4 рақамли қарорига кўра Булат (Пўлат) Солиев ҳақидаги 1938 йил 7 февралдаги қарор унинг жинояти тасдиқланмагани туфайли бекор қилинди ва ҳақиқат қарор топади.

Убайдулла Қувваталиев,
Термиз давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори