Жаҳон | 17:14 / 01.12.2024
7532
3 дақиқада ўқилади

Россияда уруш харажатлари рекорд даражада кўп бўлган бюджет тасдиқланди

2025 йилда «Миллий мудофаа»га 13,5 триллион рубл (ёки Россия ялпи ички маҳсулотининг 6,31 фоизи) ажратилади, бу рекорд даражадаги ҳарбий харажатлардир.

Фото: Shutterstock

Россия президенти Владимир Путин 2025 йилги федерал бюджет ва 2026-2027 йиллар режалаштириш даври тўғрисидаги қонунни имзолади, ҳужжат ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди. Давлат Думаси федерал бюджет тўғрисидаги қонунни 21 ноябрда қабул қилди, Федерация Кенгаши уни 27 ноябрда тасдиқлаган эди.

2025 йилда федерал бюджет даромадлари 40,296 триллион рубл, 2026 йилда - 41,84 триллион рубл, 2027 йилда - 43,15 триллион рубл бўлиши кутилмоқда. Харажатлар мос равишда 41,47 триллион рубль, 44,02 триллион ва 45,92 триллион рублни ташкил этиши кутилмоқда. Шундай қилиб, федерал бюджет тақчиллиги 2025 йилда 1,17 триллион рублни, 2026 йилда - 2,18 триллион рублни, 2027 йилда - 2,76 триллион рублни ташкил қилади.

Федерал бюджет қонуни давлат ички қарзининг юқори чегарасини белгилайди - 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра 29,4 триллион рубл. Ушбу санада давлат ташқи қарзининг юқори чегараси 61,1 миллиард долларни ташкил қилади, 2025 йил бошига қадар Миллий фаровонлик жамғармаси ҳажми 11,06 триллион рублни (ялпи ички маҳсулотнинг 5,2 фоизини) ташкил қилади. 2025 йилда инфляция 4,5 фоиздан, 2026 ва 2027 йилларда эса 4 фоиздан юқори бўлмаслиги прогноз қилинмоқда.

2025 йилда федерал бюджетдан таълимга 600,2 миллиард рубл, соғлиқни сақлашни ривожлантиришга 1,55 триллион рубл, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 3,49 триллион рубл ажратилади.

Қонун 2025 йилда «Миллий мудофаа» сарлавҳаси остида ҳарбий харажатлар учун 13,5 триллион рубл (ёки Россия ялпи ички маҳсулотининг 6,31 фоизи) ажратилишини назарда тутади. Бу Россиянинг замонавий тарихидаги рекорд даражадаги ҳарбий харажатлардир. 2026-2027 йилларда ҳарбий харажатлар бироз паст бўлади: мос равишда 12,8 триллион рубл ва 13,1 триллион рубл.

«Миллий хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш» сарлавҳаси остидаги харажатлар, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг иши учун 2025 йилда 3,5 триллион рублни ташкил қилади. «Миллий мудофаа» моддаси билан биргаликда бу федерал бюджетда барча харажатларнинг 41 фоизини ташкил қилади.

Уруш ва хавфсизлик кучларига сарфланган маблағлар таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий сиёсат ва миллий иқтисодиётга сарфланган умумий харажатлардан кўп.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид