Жаҳон | 16:22 / 01.12.2024
7250
3 дақиқада ўқилади

Россиялик депутат рублнинг қадрсизланишида мигрантларини айблади

Михаил Матвеев сўзларига кўра, мигрантлар ҳар йили Россия банкларидан ўнлаб миллиард долларлик валюта сотиб олиб, долларга бўлган талабни рағбатлантириб, рубл курсини заифлаштирмоқда.

Фото: iStock

Россия Коммунистик партиясидан Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев рублнинг қулашида меҳнат мигрантларини айблади. Унинг сўзларига кўра, улар валютага бўлган талаб ва доллар курсининг ўсишини рағбатлантирмоқда.

Депутат Россиядан бошқа мамлакатларга маблағларнинг чиқиб кетишидан хавотир билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу миқдорлар валюта бозорига сезиларли даражада таъсир қилади ва рублни заифлаштиради.

«Россияда ишлаётган миллионлаб мигрантлар ҳар йили ўз даромадларини ватанига жўнатади. Бу трансферлар бўйича аниқ маълумотлар бир неча йиллардан бери яшириляпти, бироқ мавжуд маълумотларга кўра, гап ўнлаб миллиард доллар ҳақида кетаётганини кўрсатмоқда», деб ёзди у.

Депутатга кўра, 2023 йилда Россиядан Тожикистонга ўтказилган трансферлар ҳажми 5,7 миллиард долларни ташкил этган, бу эса ушбу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярмига тенг. Россиядан Қирғизистонга ялпи ички маҳсулотнинг учдан бир қисмига тенг миқдорда, Ўзбекистонга эса ялпи ички маҳсулотнинг 12–15 фоизи (14,5 миллиард доллардан кўпроқ) юборилган. Катта ҳажмдаги трансферлар Грузия (2 миллиард доллардан ортиқ), Арманистон (3 миллиард доллардан ортиқ) ва Қозоғистонга ҳам йўналтирилган.

Матвеев сўзларига кўра, мигрантлар ва уларнинг диаспоралари ҳар йили Россия банкларидан ўнлаб миллиард долларлик валюта сотиб олиб, долларга бўлган талабни рағбатлантириб, рубл курсини заифлаштирмоқда.

Шунингдек, у кўплаб МДҲ дўстона давлатлари Россия банкларига қарши санкциялар қўллагани ва «Мир» карталари билан ишлашдан бош тортгани, бу эса Россиядан ушбу мамлакатларга рубл юборишни қийинлаштирганини таъкидлади. Бу мигрантларни Россиядан нақд хорижий валютани олиб чиқишга мажбур қилади ва бу рубл курсига босимни кучайтиради, деб қўшимча қилди парламент аъзоси.

Ўтган ҳафтада рубл кескин қулаб, 1 АҚШ долларининг расмий курси 109 рублгача кўтарилган эди. Шундан сўнг, Россия Марказий банки 2024 йил охирига қадар валюталар харидидан воз кечди. Бу эса валюта бозоридаги вазиятни барқарорлаштирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид