Демократия соғлиқ учун фойдали: коррупциялашган давлатларда аҳоли саломатлиги ёмонроқ экани маълум бўлди
Демократия фақатгина эркин сайловлар, инсон ҳуқуқлари ва тенгликдан иборат эмас. Унинг тиббиёт ходимлари билан ҳам боғлиқлиги бор, деб кўрсатмоқда янги тадқиқот хулосалари.
Давлат хизматлари кучлироқ бўлган бой мамлакатларда аҳоли одатда узоқроқ умр кўради, соғлиқни сақлаш тизими ҳам кучлироқ бўлади. 134 та мамлакатда ўтказилган тадқиқотга кўра, фақат камбағаллик эмас, балки демократия ва коррупция ҳам бу масалада ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Тадқиқот натижалари PLOS Global Public Health журналида эълон қилинган.
Унга кўра, юқори демократик, яъни адолатли сайловлар, фуқаролик эркинликлари ва самарали ҳукуматга эга, коррупция даражаси камроқ мамлакатларда, одатда, шифокорлар сони кўпроқ бўлади. Бу эса одамлар қандай тиббий хизмат олишини белгилайди. Бошқа тадқиқотларда маълум ҳудудда шифокорлар сонининг ҳар 10 фоизга ошиши тиббий хизмат сифатини 2,3 фоизга яхшилаши аниқланган.
Янги тадқиқотда таъкидланишича, мамлакатлар ўз иқтисодиёти ҳажмига нисбатан соғлиқни сақлаш учун қанча маблағ сарфлаганидан қатъи назар, демократия, коррупция ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги боғлиқлик ўзгаришсиз қолган.
“Хоҳ демократия бўлсин, хоҳ коррупциявий бошқарув сифати соғлиқни сақлаш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини шакллантиришда муҳим рол ўйнайди”, — деди Канаданинг Ғарбий Онтарио университети тиббиёт факультетининг педиатрия кафедраси доценти ва тадқиқот етакчи муаллифи доктор Амрит Кирпалани.
Автократик тизимда улғайиш саломатликка таъсир қилиши мумкин
“Диктатура ва бошқа автократик тизимларда ҳокимиятга яқин доиралардаги шахслар учун чиндан ҳам яхши муассасалар мавжуд бўлиши мумкин. Бироқ умумий аҳоли, айниқса чекка ҳудудлардаги ва сиёсий нуфузга эга бўлмаган одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйилади”, — деди Женева университетининг халқаро иқтисодиёт профессори Доминик Ронер.
Демократия шароитида, одатда, ҳисоб бериш кўпроқ, коррупция камроқ, соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятлари эса яхшироқ бўлади.
Аммо йил бошида Болония университетида ўтказилган глобал таҳлил натижалари кутилмаган хулоса берди: демократик давлатда яшашнинг ўзи саломатлик учун етарли эмас. Одамларнинг қаерда вояга етгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Тадқиқот натижаларига кўра, улғайганидан сўнг қаерда яшашидан қатъи назар, ҳаётининг дастлабки 20 йилини демократия шароитида ўтказган одамлар, авторитар тузум шароитида улғайган кишиларга қараганда 2,8 йил кўпроқ умр кўрган. Болалар ўлими ҳам 3,28 фоизга паст бўлган.
“Агар автократия шароитида ўсиб, кейин демократияга ўтган бўлсангиз ҳам, йўқотилган йиллар ортга қайтмайди, зарар бир умрга етказилади”, — дейди Ронер.
Шубҳасиз, диктаторлар халқ саломатлиги йўлида ўз ҳокимиятидан воз кечмайди. Аммо Ронернинг таъкидлашича, бундай хулосалар бутун дунё сайловчилари учун муҳим аҳамиятга эга, чунки улар қайси номзодларни ҳокимият тепасига қўйишни ҳал қилишда ушбу маълумотларни эътиборга олиши мумкин.
“Статистик маълумотларга кўра, агар сайловчилар автократияни танласа, оддий фуқаронинг турмуш даражаси унча яхши бўлмайди. Буни улар йодда тутиши лозим”, — деди Ронер. “Демократияга қайтиш йўли эса жуда машаққатли”.
Мавзуга оид
15:24 / 04.12.2024
Спорт одамлар умрини беш йилга узайтириши мумкин — тадқиқот
17:27 / 02.12.2024
ОИТВга қарши янги дори — деярли 100 фоиз самарали, аммо жуда қиммат
15:43 / 02.12.2024
Олимлар инсон танасидан чиқадиган иссиқликни электр энергиясига айлантиришни ўрганди
13:42 / 02.12.2024