Жаҳон | 22:22 / 02.12.2024
1631
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ноқонуний мигрантларни депортация қилиш қоидаларини кучайтиради

Европа Комиссияси ҳозир аъзо давлатлар билан янги қоидаларга бўлган талабларини ўрганиш учун маслаҳатлашмоқда.

Фото: Dan Kitwood / Getty Images

Еврокомиссия Европа Иттифоқи мамлакатлари, жумладан Полша, Италия ва Даниянинг чақириқларига жавобан аъзо давлатлардан мигрантларни депортация қилиш бўйича янги қоидаларни тайёрламоқда, деб ёзди Politico.

Янги қоидалар феврал ойида Европа Иттифоқидаги доимий ваколатхоналарга юборилиши мумкин.

Нашр ёзганидек, Европа Комиссияси ҳозир аъзо давлатлар билан янги қоидаларга бўлган талабларини ўрганиш учун маслаҳатлашмоқда. Бошқа нарсалар қаторида, мамлакатларга энди Европа Иттифоқида қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш эркинлигини чеклашга рухсат бериш режалаштирилган.

Европа Комиссияси фаолиятининг яна бир йўналиши мигрантларни учинчи мамлакатлардаги қайтиш марказларига (улар келган ёки узоқ вақт ишлаган манзиллар) жўнатишдир. Шунга ўхшаш келишув, масалан, Албания ва Италия ўртасида амал қилади: Рим ҳар йили 36 минггача мигрантни бошпана сўраш аризаси кўриб чиқилаётган пайтда Албания марказларига юбориши мумкин. Авваллари бу вариант ЕИ учун муаммоли бўлиб туюлган, аммо ҳозир муҳокамалар давомида энг оммабоп бўлмоқда.

Октябр ойида Полша иммиграция қонунларини кучайтириб, Полша чегарасини Беларусдан кесиб ўтганларга бошпана беришни тўхтатди. Бундан бироз олдин Германия қўшни давлатлар билан чегара назоратини жорий қилди ва бошқа Европа Иттифоқи давлатлари - Франция, Дания, Швеция, Австрия, Италия ва Словения ҳам бунга қисман эргашди. Бу қарорлар сайловчиларнинг мигрантлар оқимидан норозилиги ва Европада ўта ўнг сиёсий кучларнинг оммалашиб бораётгани фонида қабул қилинган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид