Жаҳон | 15:22 / 05.12.2024
4974
2 дақиқада ўқилади

РФ мудофаа вазири ўринбосари урушда бедарак йўқолган россияликлар сонини очиқлади

Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анна Цивилева Давлат думасида бўлиб ўтган давра суҳбатида Украинада бедарак йўқолган 48 минг кишининг яқинларининг мурожаати ҳақида маълум қилди. Тадбирнинг ёзиб олинган видеоси эълон қилинмади.

Фото: Михаил Метцель / ТАСС

Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анна Цивилева Украинага қарши урушда қатнашган бедарак йўқолган россияликлар ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилди. Давлат думасида бўлиб ўтган давра суҳбатида у ўз вазирлигига Украинага ҳужумда иштирок этган камида 48 минг иштирокчининг қариндошлари боғланганини, уларнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслигини айтди, деб ёзди ASTRA Telegram-канали 3 декабр, сешанба куни. Шу билан бирга, Цивилева бедарак кетганларни «йўқолган одамлар» деб атади.

Анна Цивилева бедарак йўқолганларнинг қариндошларидан ДНК йиғилгани ва бу маълумотлар тегишли маълумотлар базасига киритилганини айтиб ўтди.

Мудофаа қўмитаси раҳбари махфий маълумотларни ошкор қилмасликни сўради

Шундан сўнг Давлат думаси мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов бу маълумотларнинг махфийлигини таъкидлаб, бедарак йўқолганлар сонини ошкор қилмасликни сўради. «Бу махфий, нозик маълумотлар, биз якуний ҳужжатларни тузганимизда, бу рақамлар ҳеч қаерда сузиб юрмаслиги керак», деди у.

Бунга жавобан Анна Цивилева бедарак йўқолганлар статистик маълумотларини ошкор қилмаганини, бироқ яқинларнинг Мудофаа вазирлигига қилган сўровлари сонини айтиб ўтганини айтди. «Улар кўпчиликни топади, шунинг учун бу рақам статистика эмас, балки фақат сўровлар», дея қўшимча қилди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид