Жаҳон | 22:50 / 08.12.2024
3724
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар мактаб ва боғчалар яқинида яшаши тақиқланиши мумкин

Россиянинг амалдаги қонунчилигида меҳнат мигрантларининг яшаш жойлари бўйича чекловлар мавжуд эмас. ЛДПР фракциясининг бир гуруҳ депутатлари мигрантларнинг таълим муассасалари яқинида яшашини тақиқловчи қонун лойиҳасини тайёрламоқда.

Фото: ura.ru

ЛДПР фракциясининг бир гуруҳ депутатлари меҳнат мигрантларининг мактаб ва боғчалар яқинида яшашини тақиқловчи қонун лойиҳасини тайёрлади, деб хабар беради The Moscow Times.

«Меҳнат мигрантларининг таълим муассасалари ҳудудидан камида 200 метр узоқликда яшашини таъминловчи қонун лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Шунингдек, биз мигрантларнинг мактаб, боғча ва болалар бор бошқа муассасаларда рўйхатдан ўтишини тақиқлаш муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз», — дейди фракция етакчиси Леонид Слуцкий.

Таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда меҳнат мигрантларининг яшаш жойлари бўйича чекловлар мавжуд эмас. Слуцкийнинг сўзларига кўра, чет эл фуқароларининг катта қисми таълим муассасалари яқинида яшаб, «вояга етмаганларга нисбатан потенциал хавф» уйғотади.

Ҳужжатда қайд этилишича, меҳнат мигрантлари бино ёки иншоотни таъмирлаш ишлари доирасида таълим муассасаси ҳудудида бевосита яшаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Слуцкийнинг сўзларига кўра, мигрантларнинг вақтинча ишламаётган таълим муассасалари биноларида яшаши ҳолатлари ҳам мавжуд.

«Перм ўлкасида маҳаллий корхонага ижрага берилган болалар боғчасида яшаб келган меҳнат муҳожирлари тўғрисидаги хабар бунга яққол мисол бўла олади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ ЛДПР фракцияси Россия ҳукуматига мигрантларга уй-жойни фақат шартнома асосида ижарага беришни ва унинг максимал муддатини бир йил қилиб белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳалари пакетини юборганди.

Декабрь бошларида эса Россия Коммунистик партиясидан Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев рублнинг қулашида меҳнат мигрантларини айблаган эди. Унинг сўзларига кўра, улар валютага бўлган талаб ва доллар курсининг ўсишини рағбатлантирмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид